Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форумида муҳим таклифлар билан чиқди
Технология, стандартлар ва тажрибаларни тизимли алмашишга қаратилган халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар алянси”ни тузишни таклиф қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитида нутқ сўзлади.
Бутун Озарбайжон диёрида, айниқса, Қорабоғ заминида улкан бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Озод қилинган ҳудудларда қисқа муддатларда бутун бошли шаҳарлар қайта тикланиб, янги турар жой мажмуалари, замонавий инфратузилма объектлари барпо этиляпти.
Кун тартибига қўйилган “Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар” масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Таҳлилларга кўра, XXI аср ўрталарига бориб, сайёрамиз аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади.
Айни пайтда урбанизация жараёни ўзи билан бирга қатор ижтимоий муаммоларни ҳам кучайтириб бормоқда.
Бугун дунёда қарийб 3 миллиард инсон бирламчи яшаш шароитларидан маҳрум. Уларнинг бир миллиарддан зиёди норасмий турар жойлар ва харобаларда кун кечирмоқда, 300 миллиондан ортиқ одам эса умуман бошпанага эга эмас. Иқлим ўзгаришлари, таҳликали халқаро вазият ва иқтисодий инқирозлар глобал миграциянинг янги тўлқинларини пайдо қилиб, давлатлар ва шаҳарлар ўртасида аҳолининг қайта тақсимланишига олиб келмоқда. Оддий қилиб айтганда, урбанизация жараёнлари глобал барқарорлик ва хавфсизликка тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи жиддий омилга айланмоқда.
Буларнинг барчаси ҳаммамиздан қатъий ва кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни талаб қилмоқда.
"Шаҳарларни барқарор ривожлантириш масаласи Янги Ўзбекистон учун ҳам стратегик аҳамиятга эга. Яқин 15 йил ичида мамлакатимиз аҳолиси 38 миллиондан 50 миллион нафарга, урбанизация даражаси эса 51 фоиздан 65 фоизга етиши кутилмоқда. Биз буни ҳудудларимизни мутаносиб ривожлантириш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ноёб имконият деб ҳисоблаймиз.
Шу мақсадда Ўзбекистонда охирги ўн йилда қурилаётган уй-жойларнинг йиллик сони 10 баробар ошиб, 2025 йилда 238 мингта хонадонга етди, 2030 йилда ушбу рақамни яна 1,5 баробар оширамиз; аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастурларига ҳар йили бюджетдан қарийб 2 миллиард доллар маблағ ажратилмоқда; норасмий турар жойлар муаммосини ҳал қилиш учун 2024 йилда алоҳида қонун қабул қилиниб, 100 мингга яқин уйга ҳужжат расмийлаштириб берилди; эскирган уй-жойларни янгилаш мақсадида реновация ҳисобига қуриладиган хонадонлар улушини 15 фоиздан 60 фоизга етказиш режа қилиб олинди.
Ушбу жараёнларни самарали бошқариш мақсадида Урбанизация миллий қўмитаси ташкил этилди.
Бундан ташқари, “Яшил макон”, “Тоза ҳаво” дастурлари доирасида шаҳарларда яшиллик даражасини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш маррасини олганмиз", дея таъкидлади давлат раҳбари.
Президент муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Биринчидан, барча ҳудудларда аҳоли учун тенг яшаш шароитларини яратиш кичик ва ўрта шаҳарларни уйғун ривожлантиришни талаб қилмоқда.
Шу сабабли президент ҳамкор давлатларни шаҳарларни ривожлантиришда “мутаносиб урбанизация” тамойилини кенг жорий этишга чақирди.
Иккинчидан, шаҳар бошқарувида сунъий интеллект ва рақамли трансформация имкониятларидан барча давлатлар тенг фойдалана олиши зарур.
Ушбу соҳада технология, стандартлар ва тажрибаларни тизимли алмашишга қаратилган халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни тузишни таклиф қилинди.
Учинчидан, ёшлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини сифатли ҳамда арзон уй-жойлар билан таъминлаш жуда муҳим.
Шу мақсадда келгуси йилда Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига молия ва инвестицияларни жалб этишдаги янгича ёндашувлар юзасидан халқаро форум ўтказиш ташаббуси билан чиқилди.
Тўртинчидан, глобал иқлим ўзгаришларини инобатга олган ҳолда “яшил шаҳарлар”ни барпо этишнинг умумий тамойиллари ва стандартларини қабул қилиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шаҳарларнинг табиат билан уйғун ривожланишини рағбатлантириш мақсадида БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” халқаро мукофотини таъсис этишни таклиф қилинди.
Бешинчидан, урбанизация даражасининг ўсиши шаҳарлардаги ўзини ўзи бошқаришнинг анъанавий тузилмалари ролини янада оширмоқда.
Шу муносабат билан Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказишни ва унинг бош мавзусини “Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни” деб номлашни таклиф этилди.
