platina.uz
Мақола

Орттирилган ночорлик синдроми

Аввалига апатия (бефарқлик) келади, кейин эса депрессия (тушкунлик) пайдо бўлади. Ниҳоят инсон таслим бўлади.

Орттирилган ночорлик синдроми
Фотоколлаж: Platina.uz

Тасаввур қилинг: бир инсон қайта-қайта ўз ҳаётини ўзгартиришга ҳаракат қилади – имтиҳон топшириш, иш топиш, муносабатлар қуришга уринади. Лекин ҳар сафар муваффақиятсизликка дуч келади. Ниҳоят шундай пайт келадики, у интилиш ва ҳаракатланишдан тўхтайди. Қўлидан келмагани учун эмас, балки энди қўлидан келишига ўзи ишонмай қўйгани учун шундай бўлади.

Бу – орттирилган ночорлик синдроми (ОНС) (инглизча: learned helplessness), психологиядаги энг парадоксал ва шу билан бирга кундалик учрайдиган ҳодисалардан биридир.

Лабораториядан – ҳаётга

Бу ҳолатни илк бор америкалик психолог Мартин Селигман тасвирлаб берган. Унинг 1967 йилда ўтказган тажрибалари бу тушунчани очиб берди.

Мартин Селегман

Селигман итлар устида Павловнинг шартли рефлекслар назарияси схемаси асосида тажриба ўтказган. Мақсад – сигнал овозига нисбатан қўрқув рефлексини шакллантириш эди. Агар Павлов тажрибаларида ҳайвонлар қўнғироқ овозидан сўнг гўшт олган бўлса, Селигман тажрибасида – товуш сигналидан сўнг итларни ток урган. Итлар эртароқ қочиб кетмаслиги учун махсус арқон билан боғлаб қўйилган.

Селигман тажрибаси

Даставвал, итлар ток урганида қафасдан сакраб чиқишга уринишган. Аммо қафас девори баландлиги ва арқон бунга имкон бермаган. Бир неча ток зарбаларидан кейин итлар ўз тақдирига кўниккан – қочиб кета олмаслигига ишончи мустаҳкамланган.

Кейин Селигман итларни паст тўсиқли қафасга ўтказган. Энди итларда қочиш учун имконият бор эди. Олим тажрибадаги итлар янги қафасда вольерга ўтказилганда, сигнални эшитиши билан қочиб кетади, деб ўйлаган. Ахир ҳар қандай тирик мавжудот оғриқдан қочиш учун қўлидан келган барчасини қилади, шундай эмасми? Аммо янги қафасда итлар ерда ётиб, фақат инграшган холос.

Ҳеч қайси кучук энг оддий тўсиқни ҳам ошиб ўтмаган – ҳатто уриниб кўрмаган. Шу шароитга тажрибада қатнашмаган бошқа “янги” ит жойлаштирилганда эса у осонлик билан қочиб кетган.

Селигман шундай хулосага келган: нохуш ҳолатларни назорат қилиш ёки уларга таъсир ўтказиш имкони бўлмаса, кучли ожизлик ҳисси шаклланади. 1976 йилда олим ўрганилган ожизлик кашфиёти учун Американинг Психология ассоциацияси мукофотига сазовор бўлган.

Балиқлар билан тажриба

Бир куни катта аквариумга чўртанбалиқ ташланди. У бир муддат ёлғиз ўзи эркин сузиб юрарди. Кейин ўша идишга майда балиқлар ҳам қўшилди.

Чўртанбалиқ дарҳол ўлжани пайқади ва яқинлашишга ҳаракат қилди – бир марта ўтмоқчи бўлди, қайта-қайта уриниб кўрди... Лекин ҳар сафар у шаффоф тўсиққа урилиб қайтарди. Балиқ ўлжани олдигинасида кўриб турар, ҳис қиларди, аммо ета олмасди.

Аквариумда тажриба

Бу бир муддат давом этди. Охир-оқибат чўртанбалиқ уринишларни тўхтатди. У ҳатто аквариумнинг майда балиқлар солинган қисмига ўтмай ҳам қўйди.

Бироз вақтдан сўнг тўсиқ олиб ташланди. Макон яна ягона бўлди. Майда балиқлар бутун аквариум бўйлаб, ҳатто чўртанбалиқ ёнида эркин сузиб юрарди.

Аммо кутилмаган ҳол юз берди: чўртанбалиқ энди уларга яқинлашишга уриниб ҳам кўрмади. У ўз томонида қолаверди, гўё чегара ҳамон мавжуддек.

Унда имконият бор эди – аммо ҳаракат йўқ эди. Бу қила олмагани учун эмас. Балки у уринишлари фойда бермаслигига аллақачон ишониб қолганди.

Фил ўргатувчилар

Фил ўргатувчилар ҳам филларга ёшлигидан ОНСни шакллантиришади. Оёғини ип боғлаб қўйишганида аввал филча қочишга уриниб кўради. Аммо уза олмайди.

Филдаги ОНС

Вақтлар ўтиб, фил барибир озодликка чиқа олмаслигига ишониб қолади. Кейинчалик фил вояга етиб, улкан ва қудратли мавжудотга айланганида ҳам ўша ёшлигида боғланган бармоқдек чилвирни узишга уринмайди. Чунки унда барибир уза олмайман, деган ОНС шаклланиб қолган бўлади.

Одамлар-чи – ит, балиқ ва филлардан фарқ қиладими?

Селигман назарияси турли мамлакат олимлари томонидан кўп бор текширилган. Натижада бир қатор тахминлар исботланган.

Агар инсон мунтазам равишда:

  • барча ҳаракатларига қарамай мағлубиятга учраса;
  • ўз ҳаракатлари ҳеч нарсага таъсир қилмайдиган оғир вазиятларни бошдан кечирса;
  • қоидалар доим ўзгариб турадиган, ҳар қандай ҳаракат жазога олиб келиши мумкин бўлган тартибсиз муҳитда яшаса, унинг иродаси ва умуман ҳаракат қилиш истаги сўниб боради.

Аввалига апатия (бефарқлик) келади, кейин эса депрессия (тушкунлик) пайдо бўлади. Ниҳоят инсон таслим бўлади.

Орттирилган ожизлик назариясини ҳаётнинг ўзи тасдиқлайди. Бунинг учун албатта кимнидир занжирга боғланиб, ток урдириш шарт эмас. Ҳаммаси анча оддий бўлиши мумкин.

Масалан, ишга жойлашишдаги муваффақиятсиз уринишлар: сабабсиз рад жавоблари ортидан яна рад жавоблари олиш бунга сабаб бўлади. Ёки оиладаги золим ва ахмоқ эрнинг қаттиқ талаблари ва қайсарлиги ҳам аёлларда орттирилган бечоралик синдромини пайдо қилади. “Ҳаммаси бефойда, ҳаётимни яхшилашга уриниш барабир самарасиз” деган фикр шаклланади.

Ташқаридан қараганда чиқиш йўли бордек туюлади: резюмени қайта ёз! Ажраш! Раҳбарга шикоят қил! Буни қил, уни қил! Лекин Селигман тажрибасидаги ит каби, ожизликка тушган инсон ҳатто паст тўсиқдан ҳам ўта олмайди. У чиқиш йўли борлигига ишонмайди. У ерда ғингшиб ётади холос.

Шунингдек, ОНС “Стокҳолм синдроми”да ҳам ёндош эффект сифатида пайдо бўлади ва ривожланади. (Бу ҳақда батафсил “Мазлумнинг золимга меҳр қўйиши – Стокҳолм синдроми” номли мақоламизда ўқинг).

Ожизлик қандай қилиб мияда “ёзилади”?

Илмий нуқтаи назардан, ўрганилган ожизлик – бу шунчаки кайфият эмас, балки реалликни қабул қилишнинг барқарор модели.

Инсон мунтазам равишда ҳаракатлар натижа бермайдиган вазиятларга учраганда, мия қуйидаги хулосага келади: назорат мавжуд эмас.

Шундан кейин кортизол – стресс гормони даражаси ошади. Қарор қабул қилишга жавобгар мия қисмлари фаоллиги пасаяди, қўрқув ва қочиш реакциялари кучаяди.

Энг муҳими – фикрлаш услуби ўзгаради. Инсон содир бўлаётган нарсаларни қуйидагича изоҳлай бошлайди:

  • “Бу ҳар доим шундай”;
  • “Бу менинг айбим”;
  • “Бу ҳеч қачон ўзгармайди (пешонамга шундай битилган)”.

Айнан шу учта ички ишонч бир марталик муваффақиятсизликларни барқарор ҳаётий стратегияга айлантиради.

Қаердан бошланади?

ОНСга тамал тоши кўпинча болаликда қўйилади. Доимий танқид қилинган бола вақт ўтиши билан уринишни тўхтатади. Ўрнига ҳамма ишни бошқалар қилиб берадиган бола эса мустақил ҳаракат қилишни ўрганмайди.

Бироқ муҳим жиҳат: ОНС – “болаликдан чиқарилган ҳукм” эмас. У ҳаётнинг исталган палласида шаклланиши мумкин.

Масалан, бир неча марта суҳбатларда рад жавобини олгандан кейин, аёл ва эркак ўртасидаги токсик муносабатларда, ҳаракатлар, таклиф ва ғоялар эътиборсиз қолдириладиган муҳитда ва ҳоказо. Ҳатто муваффақиятли инсон ҳам бир куни қўл силтаб қўйганини пайқаб қолиши мумкин.

Бу ҳаётда қандай кўринади?

ОНС одатда драматик тарзда намоён бўлмайди. Кўпроқ оддий, кундалик гаплар орқали юзага чиқади:

  • “Мен ариза топширмайман – барибир қабул қилишмайди”;
  • “Мен бу имтиҳондан ўтолмайман”;
  • “Бирор нарсани ўзгартиришнинг маъноси йўқ”.

Бу ҳолатни осонликча ялқовлик ёки апатия билан чалкаштириш мумкин. Лекин фарқ принципиал: ялқов инсон қила олади, лекин қилишни истамайди. ОНСка тушган инсон эса қила олишига ишонмайди.

Кундалик сценарийлар

Ўқиш жойида

Талаба бир неча имтиҳондан йиқилиб, ўзини “ақлсизман” деб ўйлай бошлайди. Ҳолбуки муаммо тайёргарлик усулида бўлиши мумкин.

Ишда

Ходим бир неча бор эътиборсиз қолдирилгандан сўнг янги ғоялар таклиф қилишни тўхтатади.

Жамият

Баъзан бу ҳодиса шахс доирасидан чиқади. Одамлар узоқ вақт давомида таъсир кўрсата олмаслигини ҳис қилса, жамоавий пассивлик шаклланади.

Энг ёмони, бирор иш ўзининг қўлидан келмаган омадсиз ва ландовурлар, бошқаларга, ҳатто ўз яқинлари ва болаларига ҳам шу ОНСни сингдирмоқчи бўлади: “йўқ, бу ишинг бўлмайди”, “йўқ, бу ҳаракатларингдан фойда йўқ, мен қилиб кўрганман, ўхшамаган”... Лекин бундай одамларга “сен қилиб кўрганингда бошқа давр ва шароит бўлган, қолаверса, бу одам сендан фарқли, балки бунинг ҳаракатлари самара берар”, деб айтиш жоиз.

Қисқаси, замонавий воқелик ҳар доим ҳам бизни қўллаб-қувватламайди. Ҳасад, рақобат ва ОНС сизга мотивация беришларига йўл қўймайди.

Қолаверса, ижтимоий тармоқлардаги қалбаки ҳаёт тасвирлари фойдаланувчида “ҳамма бахтли, фақат мен омадсизман” деган иллюзияни яратади. Натижада оилада жуфтликлар бир-биридан кўпроқ нарса талаб қила бошлайди, норозилик ва руҳий узоқлашув пайдо бўлади. Бу эса хиёнат ва ажрашишга ҳам сабаб бўлади.

Ёки носоғлом оилавий муносабатлар шароитига ўрганган жуфтликларда “барибир бундан яхшироғини топа олмайман” деган фикр шаклланади. Эрининг зулми ва ҳақоратларига кўникиб яшашга ўрганиб қолади.

Армия ва тутқунликда

Армияга янги келган бўлажак аскарлар аввал руҳан синдирилади. Улар ҳеч ким эмаслиги, энди янги тартибга бўйсуниши кераклигига ишонтирилади. Кейин эса тегишли психолог кўникма – аниқроқ айтганда ўзига хос ОНС пайдо қилинади. Аскар энди саркашликка уринмайди, балки командирларнинг буйруқларига сўзсиз итоат қилиш керак деб қалбан ишонади.

ОНСнинг давоси борми?

Америкалик психолог Мартин Селигман кейинчалик “орттирилган оптимизм”, яъни фикрлаш услубини онгли равишда ўзгартириш қобилияти концепциясини таклиф қилган ОНСда қуйидагилар ҳақиқатан ҳам иш беради:

Ҳаракатларга шахсий муносабатни қайта ёзиш. “Мен омадсизман” эмас, балки “бу сафар ўхшамади” дейиш.

Кичик ҳаракатлар. Ҳатто энг кичик ютуқлар ҳам назорат ҳиссини қайта тиклайди.

Психотерапия (айниқса когнитив-хулқ-атвор терапияси). У фикрлаш ва реакцияларни тизимли равишда ўзгартиришга ёрдам беради.

Таянч нуқта қаерда?

Парадокс шундаки, ОНСдан чиқиш калити – ҳаракатда. Ҳатто энг кичик ҳаракатлар ҳам ёрдам бериши мумкин.

Глобал “ҳаётни ўзгартириш”да эмас, балки аниқ қадамларда: яна битта хат ёзиш, яна битта қадам ташлаш, яна бир бор уринишда кўринади.

Чунки ҳар бир шундай қадам мияга “Мен барибир ҳаётга таъсир қила оламан”, деган сигнал беради.

Хулоса ўрнида

Хуллас, ОНС – шунчаки психологик ноқулайлик эмас. Бу хавфли омиллардан биридир.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, назорат йўқлиги ҳиссининг сурункали бўлиши стрессни кучайтиради. Депрессив ҳолатлар эҳтимолини оширади. Гормонал механизмлар орқали жисмоний соғлиққа таъсир қилади

Оддий қилиб айтганда, “мен ҳеч нарсани ҳал қила олмайман”, деган ҳис-туйғу бевосита танага таъсир қилади.

Лекин орттирилган ожизлик – заифлик ҳам, ташхис ҳам эмас. Бу – мия бир вақтлар ўзини хафаликдан ҳимоя қилиш учун “яратган” созламадир. Аммо ҳар қандай орттирилган созламани ўзгартириш мумкин. Баъзан – ҳаракат билан. Баъзан – бошқалар ёрдами билан...

Абулфайз Сайимдасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid