Мазлумнинг золимга меҳр қўйиши – Стокҳолм синдроми
Энг катта фожиа қулнинг қуллигида эмас, унинг ўз занжирига меҳр қўйиб қолишида! Стокҳолм синдромини тушуниш ана шу қайғули психологик ҳолатни англашга ёрдам беради.
Айрим оилаларда шундай ҳолат кузатилади: пиёниста ва жоҳил эр ўз хотинини ўлгудек калтаклайди, хўрлайди, қийнайди, хиёнат қилади. Оиласини таъминлаш ўрнига, хотинининг пулларини ҳам тортиб олади. Хотини эса унга чидаб, яшаб юраверади. Аёлнинг дугоналари ва қариндошлари унинг ақлини киритиш, бу эр билан яшашнинг келажаги йўқлигини, ўзини ҳам ўйлаши кераклигини айтса-да, хотин нобоп эрини ҳимоя қилади, қачондир тузалиб қолишидан умидвор бўлади. Маҳалла “оқсоқоллари” эса статистикани бузмаслик учун уларни мажбуран “яраштириб” қўйиб, бирга яшашга мажбур этади, судлар ажраштирмайди. Оқибатда ёки аёл бир умрга руҳий ва жисмоний ногирон бўлиб қолади, ёки жоҳил эр уни бир куни уриб ўлдиради.
Нега бундай бўлади? Нега мазлума ўз золимини ҳимоя қилади? Чунки кўп ҳолларда муштипар аёлда Стокҳолм синдроми ривожланган бўлади!
Стокҳолм синдроми (Stockholm syndrome) – психологик ҳодиса бўлиб, унда гаровга олинган жабрланувчилар ўз золимларига боғланиб қолади, уларни ҳамдард сифатида ҳатто ҳимоя қилади. Ушбу ҳодисанинг парадокси шундаки, қурбонлар таҳдидларга қарамай, тажовузкорлар билан ҳиссий алоқаларни ўрнатишга, золимнинг ҳаракатларини оқлашга мойил бўлишади. Стокҳолм синдроми расман руҳий касаллик сифатида таснифланмаган эса-да, у одам ўғирлаш, гаровга олиш ҳолатлари ва баъзида ҳиссий ёки жисмоний зўравонлик мавжуд шахсий муносабатлар каби экстремал ҳолатларда юз бериб туради.
Атаманинг келиб чиқиши ва тарихи
Ушбу синдром ўз номини 1973 йилда Стокҳолмдаги воқеалардан сўнг олди. Ўшанда жиноятчилар Ян-Эрик Олссон ва унинг шериги Кларк Олофссон банкка ўғирликка тушади ва тўрт нафар банк ходимини гаровга олади. Полиция олти кун давомида банкни қамал қилиб, музокара ўтказади. Шу давр мобайнида гаровдагилар ўз ўғриларига меҳр қўйиб қолади, ҳатто уларни ҳимоя қилади ва оқлайди, полицияни уларга ортиқча жабр ва зулм кўрсатишда айблайди.
Гаровга олинган банк ходимлари озодликка чиққанидан сўнг ҳам фикридан қайтмади – улар босқинчиларга қарши гувоҳлик беришдан бош тортади. Психиатрлар ва журналистлар кейинчалик бундай муносабатни тавсифлаш учун “Стокҳолм синдроми” атамасини муомалага киритади.
Стокҳолмдаги банкни ўмариш ҳодисасидан кейин бу атамани ишлаб чиққан таниқли швед психиатр-криминологи Нилс Бейерут ушбу синдромни “омон қолиш парадокси” деб тушунтирди. Унинг фикрича, қурбонлар қийин ва хавфли вазиятга психологик мослашишнинг бир қисми сифатида жиноятчилар билан ҳамдард бўла бошлаган. Бироқ барча экспертлар ҳам унинг хулосаларига қўшилмайди.
Гаровдаги қурбонлар билан ишлаган америкалик психотерапевт ва ёзувчи Фрэнк Очберг тажовузкорга боғланишнинг ривожланиши жароҳатга психологик жавоб деган фикрни қўллаб-қувватлайди. Унинг сўзларига кўра, баъзи қурбонлар қўрқув ва стрессни камайтириш учун ўзини ўғирлаганларига ҳамдардлик билдиради. Бироқ, Очбергнинг қўшимча қилишича, Стокҳолм синдромининг ҳар бир кўриниши ўзига хос ва жабрланувчининг шахсияти ва тутқунликда ушлаб туриш муддати каби кўплаб омилларга боғлиқ.
Психологик тадқиқотлар
Стокҳолм синдроми омон қолиш учун стрессга мослашишни, кўникишни ифодалайди. Ҳаддан ташқари стресс остида, бош мия таҳдид ва оғриқни камайтириш йўлларини излай бошлайди. Aгрессор билан ҳиссий алоқа ўрнатиш стрессни камайтиришнинг бир усули бўлади, чунки бу қурбонга ўзини “хавфсизроқ” муҳитда ҳис қилиш имконини беради.
Психологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, синдром банкни ўмариш чоғида гаровга олиш билан чегараланиб қолмайди, балки оиладаги маиший зўравонлик ҳолатларида, ўғирлаб кетувчилар ва уларнинг қурбонлари ўртасида ёки ҳатто ишхоналарда – корпоратив муносабатларда ҳам юзага чиқиши мумкин.
Психологларнинг фикрига кўра, Стокҳолм синдромининг асосий механизмлари қуйидагилардан иборат:
1. Aгрессорга ўхшаш жиҳатларни қидириш: жабрланувчи тажовузкорнинг дунёқараши ва мантиғини идрок қила бошлайди, шу билан қўрқувни заифлаштиради.
2. Aгрессорга ҳамдардлик: жабрланувчи тажовузкор томонидан жилла қурса минимал ҳамдардлик намоён бўлишини кузатганда юзага келади (масалан, овқат берса ёки “сизларда айб йўқ, сизларга хусуматимиз йўқ, биз “адолатни тиклаш учун” банк пулларини олмоқчимиз, банк пуллари сизники эмас, банк сизни эксплуатация қиляпти, сизлар шунчаки вазият қурбонисизлар” каби ёлғонлар билан далда берса). Қурбонлар агрессор уларни қўйиб юборишидан умид қилади.
3. Тобелик ва қўрқув: жабрланувчи тажовузкорни ўз хавфсизлигининг ягона манбаи сифатида кўра бошлайди.
Синдром юзага чиқадиган вазиятлар:
- сиёсий ва жиноий террорчилик хуружларида (гаровга олишда);
- ҳарбий жазо операциялари (масалан, ҳарбий асирларда);
- концлагерлар ва қамоқхоналарда;
- суд ва тергов жараёнларида;
- сиёсий гуруҳлар ва диний секталар ичида авторитар шахслараро муносабатларда;
- айрим ёввойи урф-одатлар – масалан, қиз (келин) ўғирлашда;
- қулликка солиш, фоҳишаликка мажбурлаш, товламачилик ёки тўлов мақсадида одам ўғирлаш ҳолатида;
- оила ичида, маиший ва жинсий зўравонлик жараёнида.
Синдромга сабаб бўлувчи омиллар:
- Физиологик стресс ва қарамлик
Ҳаддан ташқари стресс остида танада вазиятни енгишга ёрдам берадиган кортизол ва адреналин каби гормонлар ишлаб чиқарила бошлайди. Стрессга психологик жавоб – бу назорат туйғусини таъминлайдиган нарсаларни қидириш. Жабрланувчи босқинчидан ҳатто минимал меҳр белгиларини ҳам сезса, унинг мияси бу ҳолатни хавфни камайтириш усули сифатида изоҳлайди. Натижада, гаровга олинган шахс тажовузкорга ҳиссий жиҳатдан қарам бўлиб қолади, чунки у билан хавфсизлик ҳисси (ҳатто хаёлий) боғлана бошлайди.
- Ҳиссий қарамлик ва ҳимоя излаш
Тажовузкор билан бир хил муҳитда мажбуран яшаш боғланиб қолишга олиб келади. Жабрланувчи тажовузкорни ўзининг ягона суҳбатдоши ва унинг яшаши билан боғлиқ бўлган шахс сифатида кўра бошлайди. Психологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қўрқув ва заифлик одамни ҳатто унга зарар етказадиган одамдан ҳимоя излашга мажбур қилади.
- Таҳдидни идрок этишнинг бузилиши ва носоғлом фикрлаш
Узоқ вақт назорат остида қолиш ҳақиқатни ва реал вазиятни идрок этишнинг “бузилиши”га олиб келади. Жабрланувчи тажовузкор аслида унга ёмонлик истамаслигига ва унинг тақдири ўзига боғлиқлигига ишонишни бошлайди. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қурбонлар ўз руҳиятини доимий стресс ва даҳшатдан ҳимоя қилиш учун ўз зўравонларининг ҳаракатларини оқлай бошлаши мумкин.
- Орттирилган ночорлик синдроми
Жабрланувчида аста-секин “орттирилган ночорлик” ҳолати ривожланади, қурбон золимдан қутулиш имкониятларини қидиришни тўхтатади. Ушбу хатти-ҳаракатлар модели психолог олим Мартин Селигман томонидан ўрганилган: такрорий зўравонликка учраган одам қаршилик кўрсатишни тўхтатади, вазиятни ўзгартириш имконияти борлигига ишончини йўқотади.
Ҳаётий мисоллар
Патти Хёрст, 1974 йил.
Стокҳолм синдромининг энг муҳим воқеаси – “Симбионист озодлик армияси” сўл қанот радикал гуруҳи аъзоларининг медиамагнат меросхўри Патти Хёрстнинг ўғирлаб кетилиши бўлган. Патти ўғирлаб кетилганидан кейинги бир неча ҳафта ичида ўз золимларининг радикал фаолиятига қўшилди, банкни ўмаришда қатнашди ва кейинчалик уларнинг таъсири остида “қайта тарбияландим” дея иддао қилди.
Элизабет Смарт, 2002 йил.
Юта штатидаги уйидан ўғирлаб кетилган Элизабет Смарт тўққиз ой тутқунликда сақланган. Қочиб кетиш имконияти бўлса-да, у қўлга олганларнинг руҳий босими ва таҳдидлари остида бўлгани сабабли қочиб кетмаган.
Тадқиқот натижаларининг амалиётга татбиқ этилиши
Стокҳолм синдроми бўйича тадқиқотларнинг натижалари зўравонлик ва ўғирлаш қурбонлари билан ишлаш амалиётида, шунингдек, инқирозли психотерапияда кенг қўлланилади. Улар мутахассисларга жабрланганларга психологик ёрдам кўрсатиш усулларини ишлаб чиқишда ёрдам беради, жумладан:
Инқироз бўйича маслаҳат: шу каби вазиятларни бошдан кечирган гаровга олинганлар учун одамларга бўлган ишончни ва ўз руҳий мустақиллигини тиклашга ҳаракат қилади.
Оиладаги маиший зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватлаш: терапия шафқатсиз муносабатлар динамикасини тушунишга, шунингдек, уларнинг ҳис-туйғуларини ва хотираларини қайта баҳолашга ёрдам беради.
Полиция музокаралари ва қутқарувга тайёргарлик: одам ўғрилари билан музокара ўтказувчи мутахассислар қурбонларга хавфни минималлаштириш учун Стокҳолм синдроми бўйича олинган психологик билимлардан фойдаланади.
Ижтимоий реабилитация дастурлари: бундай дастурларда жабрланганлар билан соғлом ва хавфсиз муносабатларни шакллантириш бўйича ишлар олиб борилади, бу зўравонлик қурбонлари учун айниқса муҳимдир.
Синдромнинг хавфли оқибатлари
Стокҳолм синдроми гаровга олинганларни қутқаришга халақит беради. Бу синдром таъсирида қурбонлар полицияга қаршилик қилади, ҳатто террорчиларни беихтиёр танаси билан ўқдан тўсади. Диққатга сазовор жиҳати – босқични ёки террорчилар гаровга олинган одамлардан бирини ўлдириши билан, бу синдром таъсири йўқолади.
Стокҳолм синдромининг тескари шакли – Лима синдроми
1996 йил 17 декабрда Перу экстремист гуруҳи – “Тупак Амару номидаги инқилобий ҳаракат” жангарилари Лимадаги Япония элчиси қароргоҳида Япония императори Акихитонинг туғилган кунига бағишлаб уюштирилган зиёфатга бостириб кириб, турли давлат фуқаролари, тадбиркорлар ва дипломатларини – 220 кишини гаровга олади. Уларни озод қилишганида, меҳмонлар террорчиларнинг ҳақ экани, қутқарув операцияси чоғида террорчиларга қарши ҳаддан зиёд зулм қилингани ҳақида баёнот беради.
Энг ғалати жиҳати, террорчилар ўзлари гаровга олган шахсларга меҳр қўяди ва уларни ўз ихтиёри билан қўйиб юборади. Бу ягона ҳолат – Стокҳолм ҳолатининг тескари шакли, психологияда Лима синдроми (Lima syndrome) номини олади.
Стокҳолм синдромининг сиёсий муносабатларда акс этиши
Таниқли сиёсатшҳунос ва таҳлилчилар Стокҳолм синдроми феноменига мурожаат қилиб, уни кўпинча халқаро ва ички сиёсий можаролар контекстида, айниқса заиф ва кучли томонлар ўртасидаги муносабатлар динамикаси ҳақида гапирганда таҳлил қиладилар. Масалан, Литва ташқи ишлар вазири Линас Линкявичюс Стокҳолм синдромини “Европа давлатларининг Россия билан муносабатларининг тўғри тавсифи “деб атайди. Унинг қайд этишича, Европа вақти-вақти билан санкцияларни юмшатади ва Украинага қарши давом этаётган тажовуз ва ҳаракатларга қарамай, Россия билан мулоқотни тиклашга интилади. Линкявичюснинг таъкидлашича, бундай сиёсат “тажовузкорга юзини сақлаб қолишга ёрдам бериш”ни – Стокҳолм синдромидга одатий психологик реакциясини эслатади.
Бошқа экспертлар ҳам давлатлар ўртасидаги муносабатларда Стокҳолм синдромининг турли кўринишларини кўришади, бунда заиф мамлакат ёки гуруҳ кучли “ўйинчи” давлатга кўпинча ён беришади ёки унинг ҳаракатларини оқлайди, ҳатто бу ҳаракатлар унинг мустақиллиги ёки хавфсизлигига таҳдид солса ҳам.
Бундай реакциялар томонлар ўртасида қарамлик ва агрессорга ҳамдардлик ҳолатини кучайтириши мумкин, бу эса низоларни ҳал қилишни мураккаблаштиради ва мустақил дипломатия ривожланишига тўсқинлик қилади. Ушбу кузатишлар ночор мамлакатлар ёки гуруҳлар ўз манфаатларига таҳдид соладиган хатти-ҳаракатларни қабул қилиши мумкин бўлган ассиметрик сиёсий муносабатлар динамикасини тушунишга ёрдам беради.
Босиб олинган, мустамлакага айланган халқларда ҳам ушбу синдром элементларини кузатиш мумкин. Масалан, истилочи давлатга ҳавас қилади, унинг герб ва байроқларини ҳурмат қилади, уларга ўхшашга, уларга ўхшаб кийинишга, ўз миллий тилидан юз ўгириб, истилочилар тилини ўрганишга, уларнинг тилида гапиришга ҳаракат қилади. Истилочига қуллик қилади, келса оёғи тагига қўй сўяди, аэропортда етти букилиб кутиб олади (ҳатто истилочи у билан қўл бериб кўришишга ҳазар қилса-да).
Стокҳолм синдромини ўрганиш қуллик тафаккурини тушуниш учун ҳам ёрдам беради. Масалан, тоталитар ва авторитар тузумларда давлат бошлиғи қўл остидаги лаганбардорлари, пропаганда ва қўрқитиш кучлари ёрдамида халқ онгини заҳарлайди, ўзини деярли худо қилиб кўрсатишга ва бунга халқни ишонтиришга уринади. Натижада халқ ўз “доҳийси”нинг ростан илоҳийлигига ишониб қолади, деярли унга сиғинади. Буни том маънода оммавий шаклдаги Стокҳолм синдромига мисол деса бўлади. Собиқ СССР, Шимолий Корея, Куба ва бошқа коммунистик заҳардан зарарланган давлатларнинг аҳолисида ана шундай ҳолатни кузатиш мумкин.
Энг катта фожиа қулнинг қуллигида эмас. Энг катта фожиа – қулнинг ўз занжирига меҳр қўйиб қолишида! Стокҳолм синдромини тушуниш ана шу қайғули психологик ҳолатни англашга ёрдам беради.