Олис ҳудудларга мактаб автобуслари берилди
HAYOT Foundation ижтимоий платформаси фаолиятини ана шундай хайрли иш билан бошлади.

Ўзбекистонда давлат, бизнес ва жамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, инсонлар ҳаёти сифати ҳамда давомийлигини оширишга қаратилган HAYOT Foundation ижтимоий платформаси ўз фаолиятини бошлади. Платформа инсон ҳаёти, табиат ва маданий муҳитни яхшилаш каби учта асосий йўналишда фаолият юритади.
Платформанинг илк амалий қадами сифатида таълим олиш йўлидаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган “Мактабга хавфсиз ҳаракат” лойиҳасига старт берилди. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда 506 та мактабнинг 146 мингдан ортиқ ўқувчиси дарсга пиёда қатнайди ва кунига 2 соатгача вақтини йўлда ўтказади. 11 йиллик ўқиш давомида бир ўқувчи пиёда босиб ўтадиган масофа 40 000 километрни, яъни Ер экватори узунлигини ташкил этиши мумкин.
Ушбу муаммонинг ечими сифатида лойиҳанинг биринчи босқичида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидаги 18-мактаб, Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги 18-мактаб, Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 92-мактаб ҳамда Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 10-мактабга янги мактаб автобуслари топширилди.
Лойиҳа раҳбари Камолиддин Бекназаровнинг таъкидлашича, платформа давлат ташкилотлари ва хусусий сектор вакилларини бирлаштирувчи янги тизим ҳисобланади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи янги ўқув йили арафасида август ойларида амалга оширилади. Ҳозирда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда навбатдаги эҳтиёжманд ҳудудлар ўрганилмоқда.
Ушбу ташаббус Капиталбанк ва Gross суғурта компанияси кўмагида амалга оширилган бўлиб, очилиш маросими доирасида қатор вазирлик ва идоралар билан ижтимоий ҳамкорлик меморандумлари ҳам имзоланди.
