platina.uz
Жамият

Президент ер тоифасини ўзгартириш жараёнлари ҳалигача қоғоз шаклида эканини танқид қилди

Ерлар аукцион орқали ажратилаётган бўлса-да, ижарачиларнинг ундан фойдаланишдаги мустақиллиги ҳали етарли эмас. Шу сабабли 117,6 минг гектар ер ҳозиргача сотилмасдан турибди. 

Президент ер тоифасини ўзгартириш жараёнлари ҳалигача қоғоз шаклида эканини танқид қилди
Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев ер ресурсларидан янада самарали фойдаланишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Сўнгги беш йилда мамлакатимизда ер муносабатларини ислоҳ қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ер ажратиш ваколати ҳокимлардан олиниб, ер участкаларини аукцион орқали реализация қилиш тартиби жорий этилди. Шу даврда 616,3 минг гектар ер аукцион орқали ажратилди, бюджетга 1,4 триллион сўм тушум таъминланди.

Энг муҳими, ернинг ҳақиқий эгаси пайдо бўлиши натижасида ҳар бир гектардан олинаётган даромад 3 карра ошиб, 50-60 миллион сўмга етган. Бугун ушбу ерларда ҳар йили 539 триллион сўмлик маҳсулот етиштирилиб, 2,1 миллиард долларлик экспорт амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, соҳада ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалалар ҳам борлиги кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, ерлар аукцион орқали ажратилаётган бўлса-да, ижарачиларнинг ундан фойдаланишдаги мустақиллиги ҳали етарли эмас. Шу сабабли 117,6 минг гектар ер ҳозиргача сотилмасдан турибди.

Шу боис қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришнинг янги тизимини жорий этиш, жорий йилда яна 100 минг гектар ерни янги тартиб асосида аукционга чиқариш режалаштирилган. Бу борада, айниқса, ердан фойдаланишда иқтисодий рағбатларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўтган йили водий вилоятлари, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистонда сотилган ерларда экинларни мустақил жойлаштириш бўйича жорий этилган тажриба яхши самара бергани таъкидланди. Хусусан, 2025 йилда 20 минг гектар ернинг 16 минг гектарида тадбиркорлар ўзлари танлаган юқори даромадли ва экспортбоп экинларни экиб, 150 миллион долларлик экспорт учун замин яратган. Энди ушбу тажрибани кенгайтириш, ердан фойдаланувчиларга янада кўпроқ иқтисодий эркинлик бериш муҳимлиги қайд этилди.

Саноатлашган плантация ва чорвачилик лойиҳалари учун 50 гектардан 500 гектаргача ер участкаларини аукционга чиқариш, шу асосида жорий йилнинг ўзида ҳар бир вилоятда камида 5 тадан йирик лойиҳаларни бошлаш белгиланди. Ушбу лойиҳалар учун сув ва электр таъминоти харажатларини қоплаб бериш, 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача арзон кредитлар ажратиш, кредит фоиз ставкаларини компенсация қилиб бериш, етиштирилган маҳсулотни қадоқлаш харажатларининг 50 фоизгача қисмини субсидиялаш каби қатор молиявий қўллаб-қувватлаш жорий этилиши таъкидланди.

Тақдимотда ердан юқори даромад олишда илғор хорижий тажрибани, айниқса, чет элнинг замонавий агротехнологияларини кенг қўллаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, бу жараёнда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш лозимлиги қайд этилди.

Хусусан, хорижий инвесторларга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага беришнинг тартиби ва шартлари қайта кўриб чиқилади. Бундан буён уларга фақат вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги дирекциялар орқали, инвестиция миқдори камида 10 миллион доллар бўлган лойиҳалар доирасида, яйлов, лалми ва фойдаланишдан чиққан ерларни айланмага қайтариш шарти билан иккиламчи ижарага бериш тартиби қўлланади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини олиш бўйича аукционда фақат маҳаллий деҳқон ва тадбиркорлар иштирок этишини белгилаш лозимлиги таъкидланди. Мудофаа, чегара, тарихий-маданий ерлар ва ўрмон фонди ерлари фақат мамлакатимиз фуқароларига берилади. Айни пайтда ерларни ижарага бериш муддатини барча турдаги ерлар учун, шу жумладан саноат ва қурилиш лойиҳаларини амалга оширадиган чет эллик инвесторлар учун ҳам 49 йил этиб белгилаш таклиф этилди.

Бугунги кунда қарийб 100 минг гектарга яқин ернинг ижара муддати тугаган. Шу муносабат билан тадбиркорлар ушбу ерларни қайта аукционга чиқармасдан, ижара муддатини узайтириш бўйича қулай ва шаффоф тартиб жорий этиш зарурлигини билдирмоқда. Тақдимотда бу жараённи давлат хизматлари марказлари ва электрон платформалар орқали амалга ошириш, кадастр, қишлоқ хўжалиги ва адлия тизимларини ўзаро интеграция қилиш, эътирозлар бўлмаган тақдирда қишлоқ хўжалиги ерлари учун 30 йилгача, ноқишлоқ ерлар учун 49 йилгача узайтириш тартибини жорий этиш таклиф қилинди. Солиқ ёки ижара тўловидан қарздорлик, суд низоси ёки ноқонуний қурилиш аниқланган ҳоллардагина ижара шартномаси янги муддатга узайтирилмаслиги белгиланмоқда.

Шунингдек, ер тоифасини ўзгартириш ва нобудгарчилик тўловларини ҳисоблаш билан боғлиқ жараёнлар ҳалигача қоғоз шаклида юритилаётгани танқид қилинди. Бу эса келишув ва қарор қабул қилиш муддатининг чўзилишига, инвесторлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Шу боис барча жараёнларни рақамлаштириш, ердан мақсадли фойдаланиш, сув самарадорлиги ва тупроқ сифати каби мезонлар асосида ердан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш тизимини йўлга қўйиш вазифаси қўйилди.

Ерга бўлган ижара ҳуқуқини молиявий восита сифатида кенгайтириш, уни нафақат тижорат кредитлари, балки лизинг, ипотека ва банк кафолатини олиш учун ҳам гаровга қўйиш имкониятини яратиш зарурлиги қайд этилди. Ер участкасини бўш турган ер сифатида ҳисобга олиш тартибини соддалаштириш, ерларни қайта ижарага беришда шартномаларни ҳақ эвазига ёки текинга тузиш мумкинлигини аниқ белгилаш, шундан келиб чиқиб ер олди-сотдисига оид ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.

Шу билан бирга, ер назорати йўналишида жавобгарликни кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш учун жавобгарликни фақат суғориладиган ерлар учун эмас, қолган барча турдаги ер участкаларига нисбатан ҳам татбиқ этиш зарурлиги таъкидланди.

Темир йўллари, автомобиль йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари, сув иншоотлари ва тармоқларини қуриш мақсадларида ерларнинг тоифаси ўзгартирилганда нобудгарчилик тўловидан озод қилиш, ер жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганида тўланадиган компенсация тўловларини солиққа тортмаслик бўйича таклифлар билдирилди.

Келгусида қишлоқ хўжалиги ерлари ижарачиларига ҳудудлардаги 13 та дирекция орқали, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган тадбиркорларга эса 14 та инвестиция компаниялари орқали хизмат кўрсатилиши, ушбу ташкилотлар ўз йўналишларида давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида “кўприк” вазифасини бажариши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ер ислоҳотларини янги босқичга олиб чиқиш, ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тадбиркорлар учун янада очиқ ва тушунарли тизим яратиш, шунингдек, соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid