platina.uz
Жамият

Фанлар академияси президенти мансабдорларнинг тезкор илмий унвон олишини танқид қилди

Шавкат Аюпов "Россиядан кўчирилган, плагиат илмий ишлар" ва "сифатсиз мақолалар"ни ҳам тилга олди. 

Фанлар академияси президенти мансабдорларнинг тезкор илмий унвон олишини танқид қилди

ЎзФА президенти Шавкат Аюпов мансабдорларнинг “тезкор” илмий даража олишини танқид қилди. У бу ҳақда "Жадид" газетасига берган интервюсида гапирган.

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов лавозимга ўтирган мансабдорларнинг қисқа вақт ичида илмий даража олиши ва илм-фандаги плагиат ҳолатлари ҳақида кескин фикр билдирди.

Ҳозирда илмий унвон олганларнинг ойлик маошига устамалар берилади. Шавкат Аюповга кўра, "олимларга берилаётган имкониятни суистеъмол қилиш ҳолатлари авж олган".

Шавкат Аюпов 1997–2003 йилларда Олий аттестация комиссияси раиси бўлиб ишлаган даври билан ҳозирги ҳолатни солиштирар экан, ҳимоялар сони ўн баробарга ошиб кетганини таъкидлади.

“Кўп илмий ишлар жуда юзаки. Юзаки бўлгани ҳам майли, плагиат кўпайиб кетди. Россиядан олиб, таржима қилиб, ҳимоя қилинганларни ҳам кўрдим. Қоида бўйича бунақаларнинг дипломини бекор қилиш керак эди, лекин қилишмади”, дейди олим.

Академикнинг фикрича, юқори лавозимдаги шахсларнинг ўз ишидан ортиб, қисқа вақтда илм қилиши мантиққа зид. У ўзининг мисолида раҳбарлик иши китоб ўқишга ҳам вақт қолдирмаслигини айтиб ўтди.

“Ҳозир раҳбар кадр бўлдими, икки йилда PhD бўляпти. Яна икки-уч йил ўтмасдан фан доктори бўляпти... У раҳбар одам қачон илм қилади? Катта-катта раҳбарлар фан доктори бўлиб кетяпти. Энди улардан нима фойда фанга? Ўзим раҳбар бўлиб билдим, ҳатто китоб ўқишга вақт йўқ”

ЎзФА президентининг таъкидлашича, бундай ҳолатлар Ўзбекистон фани обрўсига ёмон таъсир қилади.

“Интернетларда кўп чиқади:" қалбаки" журналларда чиққан энг кўп мақолалар Ўзбекистондан. Ёки энг кўп сифатсиз мақолалар Ўзбекистондан, деб чиқади. Бу – бизнинг фанимиз учун жуда катта шармандагарчилик-ку”, деди Шавкат Аюпов.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid