Ўсимликлар карантини агентлиги инспектори қўлга олинди
У минерал ўғит маҳсулотларини "Навоий" чегара божхона пости орқали ўтказиб берганлиги эвазига 20 млн сўм талаб қилган.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси инспектори қўлга олинди. У ўз хизмат мавқеини суистеъмол қилган ҳолда, ноқонуний бойлик орттирмоқчи бўлган.
Хусусан, у Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 й.т. фуқарога тегишли 7 турдаги, жами 187 дона қадоқда бўлган минерал ўғит маҳсулотларини "Навоий" чегара божхона пости орқали ўтказиб берганлиги эвазига 20 млн сўм талаб қилган.
Мазкур ноқонуний ҳаракат Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилди.
Инспектор сўралган пул маблағини пойтахтнинг Олмазор тумани ҳудудида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада икки фуқаро 11 650 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари билан ушланганди.
