platina.uz
Маданият

Кинотавсия: “Оталар”, “Тўмарис” ва “Гастарбайтер”

Лойиҳанинг янги сонида мумтоз асарларга эътибор берилди. Дам олиш кунларини мароқли ўтказиш учун ТОП-5 та филмни томоша қилинг.

Кинотавсия: “Оталар”, “Тўмарис” ва “Гастарбайтер”
Фотоколлаж: Platina.uz

“Кинотавсия” лойиҳасининг бу галги сонида турли жанрдаги филмлар танлаб олинди. Уларнинг орасида классик дурдоналардан тортиб мистика ва тарихий кинолар ҳам бор.

5. “Гастарбайтер”, 2009

Режиссёр Юсуф Розиқов томонидан суратга олинган, Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигидаги драматик филм. Бош ролларда Баҳодир Болтаев, Даря Горшкалёва, Раъно Шодиева, Фарҳод Абдуллаев, Муҳаммадисо Абдулхаиров.

Сюжет

Картинанинг марказида кекса отахон – Содиқ тақдири туради. Унинг ҳаёти йўқотишларга тўла бўлган: уруш, қатағон ва яқинларининг ўлимини бошидан кечирган. Содиқ ота Россияга ишлашга кетиб, бедарак йўқолган набираси Омонни излаб, Москвага йўл олади. Москвада отахон турли инсонларга дуч келади ва унга фоҳишалик билан шуғулланувчи Вика исмли қиз набирасини топишда ёрдам беради.

Филм фақат мигрантлар ҳаёти ҳақида эмас, балки инсонийлик, меҳр-оқибат ва турли миллат вакиллари ўртасидаги муносабатлар ҳақида ҳикоя қилади.

Филм бир қанча халқаро фестивалларда, жумладан, “Кинотавр” ва Карлови Вари кинофестивалларида иштирок этган. “Евразия-2010” фестивалида энг яхши аёл роли учун мукофотга сазовор бўлган.

4. “Тўмарис”, 2019 (Қозоғистон)

Қозоғистон томонидан суратга олинган тарихий драма жанридаги бадиий филм қадимги сак-массагетлар маликаси Тўмариснинг ҳаёти ва унинг Форс подшоси Кир II устидан қозонган ғалабаси ҳақида ҳикоя қилади. Режиссёр: Акан Сатаев. Бош ролларда: Алмира Турсин, Адил Ахметов, Еркебулан Дайиров, Ғассан Массуд ва Нозим Тўлахўжаев.

Сюжет

Филм милоддан аввалги VI асрда бўлиб ўтган воқеаларга асосланган. Унда Тўмариснинг болалигидан бошлаб, яқинларидан айрилиши, жангчи сифатида шаклланиши ва тарқоқ сак қабилаларини бирлаштириб, ўз ерини босқинчилардан ҳимоя қилиши тасвирланади. Энг кулминацион нуқта – массагетлар ва Аҳамонийлар қўшини ўртасидаги аёвсиз жанг ҳамда Тўмариснинг Кир II устидан қозонган тарихий ғалабасидир.

3. 1408, 2007 (АҚШ)

Стивен Кингнинг шу номли асари асосида суратга олинган психологик даҳшатли (horror) филм. Режиссёр Микаэл Хофстрём. Бош ролларда: Жон Кюсак (Майк Энслин) ва Сэмюэл Л. Жексон (Жералд Олин).

Филмнинг бир нечта вариантдаги якунлари (alternate endings) мавжуд. Кинотеатрларда намойиш этилган версияда Майк тирик қолади, аммо режиссёрлик версияси анча маҳзунроқ тугайди.

Хона рақами бўлган 1408нинг рақамлари йиғиндиси (1+4+0+8) 13 га тенг, шунингдек, меҳмонхонада бу хона аслида 13-қаватда жойлашган (гарчи қават 14-деб белгиланган бўлса ҳам).

Сюжет

Филм воқеалари ғайритабиий ҳодисаларга ишонмайдиган ёзувчи Майк Энслин атрофида айланади. Майк меҳмонхоналардаги арвоҳлар ҳақида китоб ёзади ва навбатдаги материали учун Ню-Йоркдаги “Делфин” меҳмонхонасининг машъум 1408-хонасига жойлашади.

Меҳмонхона менежери Жералд Олин уни бу хона “ёвузлик” манбаи эканидан ва у ерда 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлганидан огоҳлантиради, аммо Майк бунга ишонмайди. Хонага кириши билан Майк чинaкам даҳшатга дуч келади: вақт тўхтайди, хона унинг психологик қўрқувлари ва ўлган қизи билан боғлиқ хотираларидан фойдаланиб, уни ақлдан оздиришга ҳаракат қилади.

2. “Ҳаводаги қамоқхона”, 1997 (АҚШ)

Режиссёр Саймон Уэст томонидан суратга олинган машҳур жангари филм. Кино ўз даврининг энг кассабоп ва классик экшн-картиналаридан бири ҳисобланади. Бош ролларда: Николас Кейж, Жон Малкович, Жон Кюсак ва Стив Бушеми (машҳур маняк-қотил ролида).

Филмдаги "How Do I Live" қўшиғи жуда машҳур бўлиб, Оскар мукофотига номзод қилиб кўрсатилган. Филм якунидаги самолётнинг Лас-Вегасдаги меҳмонхонага қулаши саҳнаси ҳақиқий Sands Hotel меҳмонхонаси бузилаётган вақтда суратга олинган.

Сюжет

Воқеалар марказида собиқ армия рейнжери Кэмерон По (Николас Кейж) туради. Кэмерон ҳомиладор хотинини маст безорилардан ҳимоя қиламан деб, бехосдан бирини ўлдириб қўяди ва 8 йилга қамалади. Жазо муддатини ўтаб бўлгач, у уйига – хотини ва ҳеч қачон кўрмаган қизининг туғилган кунига етиб бориш учун маҳкумларни ташувчи махсус самолётга чиқади.

Самолётда мамлакатнинг энг хавфли жиноятчилари ҳам бор эди. Улар ўта ақлли ва шафқатсиз Сайрус "Вирус" Гриссом бошчилигида самолётни эгаллаб олишади. Кэмерон Понинг озодликка чиқиш имконияти бўлса-да, у қандли диабет билан касалланган дўстига ёрдам бериш ва бошқа гаровдагиларни қутқариш учун самолётда қолади ва жиноятчиларга қарши махфий кураш бошлайди.

1. “Оталар”, 1983 (Франция)

Бу филм Жерар Депардье ва Пьер Ришар машҳур дуэти иштирокидаги энг севимли кинолардан бири ҳисобланади. Режиссёр: Фрэнсис Вебер. Бу филм Депардье, Ришар ва Вебер ҳамкорлигидаги учликнинг иккинчи филми ҳисобланади (биринчиси – “Омадсизлар” (La Chèvre), учинчиси “Қочоқлар” (Les Fugitifs).

1997 йилда ушбу филм асосида АҚШда Робин Уилямс ва Билли Кристал иштирокида “Оталар куни” (Fathers' Day) номли римейк суратга олинган.

Сюжет

17 ёшли ўспирин Тристан уйидан қочиб кетади. Унинг онаси Кристин полиция ва эрининг ҳаракатларидан қониқмай, ўғлини топиш учун айёрлик ишлатади. Она ўзининг икки собиқ севгилисига – қўрс журналист Жан Люка (Депардье) ва ўзига ишонмайдиган, тушкунликка мойил Франсуа Пиньонга (Ришар) алоҳида қўнғироқ қилиб, Тристан уларнинг ўғли эканини айтади.

Иккала “янги ота” ҳам масъулиятни ҳис қилиб, болани қидиришга тушишади ва бир-бирлари билан тўқнашади. Улар турли қизиқарли ва хавфли вазиятларга, жумладан, мафия ва безорилар билан боғлиқ муаммоларга дуч келишади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid