Мобил алоқа бўйича янги тартиблар кучга киради
Тариф алмаштириш бепул бўлади, текин хизматларни пулли қилиш ва абонент ҳисобини қарзга тиқиш тақиқланади ҳамда бошқа янги нормалар жорий этилади.

27 апрелдан мобил алоқа бўйича жорий этилган янги тартиб кучга киради. Адлия вазирлиги 2026 йил 26 январда Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳририни давлат рўйхатидан ўтказган эди.
Биринчидан, Марказий банк хабарига кўра, 22 апрелдан мобил иловадан фойдаланиш учун унга уланган телефон рақами айнан ўша шахс номида бўлиши керак. Яъни мобил иловалардан фойдаланувчининг телефон рақами жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига (ЖШШИР) мос бўлиши шарт.
Агар бундай мослик аниқланмаса, мобил иловада рўйхатдан ўтказишга ва (ёки) банк картасини бириктиришга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда фойдаланувчига СМС-хабарнома орқали маълум қилинади.
Иккинчидан, мобил алоқа абонентлари шахсий ҳисобида маблағ хизмат кўрсатишни давом эттириш учун етарли бўлмаганда мобил алоқа оператори ва абонент ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш (мавжуд бўлмаган рақам ҳолатига ўтказиш) муддати 2 ойдан 1 йилга узайтирилади.
Учинчидан, абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тариф режаси билан бепул алмаштириши мумкин (бундан муайян гуруҳ ёки маълум чекланган ҳудуд учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш мустасно).
Амалдаги тарифлар шартлари ўзгарганда, абонентлар бу ҳақда камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайт ёки СМС хабарномалар орқали мажбурий тартибда хабардор қилинади.
Тўртинчидан, хизмат кўрсатиш пунктига келиш имконияти бўлмаган фуқаролар учун яшаш жойига бориш, олис ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида сайёр мобил алоқа хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.
Бешинчидан, абонент розилигисиз дастлаб бепул бўлган хизматларни пуллик қилишга йўл қўйилмайди.
Олтинчидан, абонент – жисмоний шахсдан тариф режаси бўйича абонент тўлови ва хизмат учун маблағ ечишда ҳисобни салбий ҳолатга (қарздорлик ҳолатига) келтириш тақиқланади.
Еттинчидан, абонентлар Президент виртуал қабулхонасининг ишонч телефонларига кеча-кундуз бепул қўнғироқ қилишлари мумкин.
Саккизинчидан, мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш эндиликда хизмат кўрсатиш пунктларида 8 иш соатида эмас, балки 20 дақиқа ичида амалга оширилади.
Шунингдек, мобил алоқа абонентларига пуллик қўшимча хизматларга обуна бўлиш бўйича контент хизматлари кўрсатишнинг қуйидаги янги тартиби белгиланди:
- хизматларни активация қилиш операторларнинг мобил иловалари ёки USSD кодлар орқали амалга оширилади;
- контент провайдерлари томонидан абонентларга тақдим этиладиган барча пуллик хизматлар дастлаб нофаол ҳолатда бўлиши керак.
Эслатиб ўтиш керак, Рақобат қўмитаси 2025 йил ноябрда мобил алоқа операторлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун нархлар оширилиши юзасидан ўрганишлар бошлаган эди, аммо ҳалигача натижалари эълон қилинмади.
