“Турон” мактаб театри танловининг ҳудудий босқичлари бошланди
Танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижга таълим саёҳати йўлланмасини қўлга киритади.

“Турон” мактаб театри танловининг туман босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритган 208 та мактаб жамоаси 1-10 апрел кунлари бўлиб ўтадиган ҳудудий босқичларда яна бир синовдан ўтишади.
Андижон ва Навоий вилоятларида ўтказилган ҳудудий босқич ғолиблари республика босқичида иштирок этадиган бўлди. Бугун Фарғона ва Бухоро вилоятлари ҳудудий босқичга мезбонлик қилишмоқда.
Ҳудудий босқичларнинг одилона ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудга Тошкент шаҳридан жами 13 нафар ҳакамлар ҳайъати жалб қилинган. Жумладан, Лола Элтоева, Зуҳра Ашурова, Гулчеҳра Носирова, Александр Бекжонов, Турғун Бекназаров, Шоҳида Исмоилова, Баҳодир Нишонов, Меҳридин Раҳматов, Мунаввара Абдуллаева, Нодира Маҳмудова, Расулхон Қодирхонов, Барот Ҳасанов, Қаҳрамон Мадримов сингари актёрлар бор.
Ушбу танловнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, барча ҳудудий босқичлар телекўрсатув тарзида ёзиб олинади.
Танловнинг ҳудудий босқичида тенгсиз деб топилган мактаб жамоалари июн ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишади.
Ушбу танловнинг республика босқичи ғолиблари хорижга таълим саёҳати йўлланмасини қўлга киритади.
Маълумот учун, феврал ойида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Келажак” маркази томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган уч босқичли бу йилги мавсумига старт берилган эди. Унда 85 100 та жамоа (680 800 нафар ўқувчи) иштирок этиш истагини билдириб, махсус бот орқали рўйхатдан ўтишган.
