Прокуратура департаменти сохта ходими қўлга олинди
У фуқарони шартнома асосида ҳарбий хизматга ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, эвазига фирибгарлик йўли билан 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

Сурхондарёда департамент сохта ходими уушланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Шахсий хавфсизлик бошқармаси томонидан Сурхондарё вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Олинган тезкор маълумотларга кўра, фуқаро Х.И. ўзини гўёки Департамент органларида ишлаганлигини айтиб, ДХХ Чегара қўшинларида хизмат қилувчи мансабдор шахслар билан яқин алоқалари мавжудлигини билдирган. У ариза муаллифи М.Қ.ни шартнома асосида ҳарбий хизматга ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилиб, эвазига фирибгарлик йўли билан 1000 АҚШ доллари талаб қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2026 йил 21 март куни ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.И. ариза муаллифидан талаб қилинган 1000 АҚШ доллари миқдоридаги, яъни 12 200 000 сўм пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Х.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўрганишлар давомида қўлга олинган фуқаро Х.И. давлат идораларида, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органларида ишламаганлиги аниқланди.
Аввалроқ картошка орасига яширилган 72 кг наркотик фош этилганди.
