Путин Шавкат Мирзиёевни Наврўз байрами билан табриклади
Табрик матнида икки томонлама муносабатларнинг юқори даражаси қайд этилган ва улар билан ўзаро манфаатли, кўп қиррали алоқалар муваффақиятли ривожланиб боришига ишонч билдирилган.

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни Наврўз байрами билан табриклади. Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, Россия президенти Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга Наврўз байрами муносабати билан табриклар йўллади.
Табрик мактубларида ушбу МДҲ мамлакатлари билан икки томонлама муносабатларнинг юқори даражаси қайд этилган ва улар билан ўзаро манфаатли, кўп қиррали алоқалар муваффақиятли ривожланиб боришига ишонч билдирилган.
Наврўз байрами билан Эрон раҳбарлари - Ислом Республикаси Олий Раҳбари Оятуллоҳ Сейид Можтаба Ҳусайний Хоманаий ва Президент Масуд Пезешкианга ҳам табриклар йўлланган.
Владимир Путин Эрон халқига ушбу қийин синовларни муносиб равишда енгиб ўтишни тилади ва Москва бу қийин дамларда Теҳроннинг содиқ дўсти ва ишончли ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлади, дейилади табрик матнида.
