Президент мис концентратини филтрлаш корпусида бўлди
Бундан ташқари давлат раҳбари Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ташкил этилган Рақамлаштирилган бошқарув маркази фаолияти билан танишди. Ушбу марказ фабриканинг ўзига хос “мияси” бўлиб, йигирма мингдан зиёд ускуна ягона ахборот тизимига уланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида барпо этилган мис концентратини филтрлаш корпусида бўлди.
3-мис бойитиш фабрикаси таркибидаги корпус йилига 917 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқариш қувватига эга. Замонавий саноат пресс-фильтрлари, насос агрегатлари, шлам ва сув айланма тизимлари ўрнатилган. Ускуналар халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган бўлиб, юқори самарадорлик ва энергия тежамкорлиги билан ажралиб туради.
Айни вақтда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, корпусда умумий 5 та пресс-фильтрдан 3 таси тўлиқ ишга туширилган, яна 2 таси ишга туширишга ҳозирланмоқда.
Фильтрлаш корпусида флотация жараёнидан келган мис концентратини қабул қилиш, концентратни қуюлтириш ва фильтрлаш, тиндирилган сувни ажратиш ва қайта ишлаб чиқаришга қайтариш, тайёр мис концентратини сақлаш ёки кейинги қайта ишлаш босқичига узатиш каби технологик жараёнлар амалга оширилади.
Бугунги кунда бу ерда 130 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари иш жараёни ва тайёр маҳсулотни кўздан кечирди, ходимлар билан суҳбатлашди.
Президентимиз иштирокида шу ернинг ўзида мис концентратидан намуналар олиш маросими ўтказилди. Намуналар 2 та алоҳида идишга солиниб, Олмалиқ комбинати музейи ва Тошкентдаги Давлат геология музейига юборилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ташкил этилган Рақамлаштирилган бошқарув маркази фаолияти билан танишди.
Мазкур марказ комбинатнинг 1-, 2- ва 3-мис бойитиш фабрикаларидаги ишлаб чиқариш жараёнларини мувофиқлаштириш, самарадорликни ошириш ва узлуксиз мониторингни таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда.
Замонавий рақамли бошқарув тизимлари, катта экранли мониторинг панеллари, видеокузатув воситалари, шунингдек, “Siemens PCS 7” ва “AVEVA PI Vision” платформалари орқали майдалаш, флотация, қуюлтириш, фильтрлаш, реагентлар билан таъминлаш, технологик сув таъминоти, цехлар ва транспорт тизими фаолияти реал вақт режимида назорат қилинмоқда.
Бошқача айтганда, ушбу марказ фабриканинг ўзига хос “мияси” бўлиб, йигирма мингдан зиёд ускуна ягона ахборот тизимига уланган.
“Ақлли” камералар орқали дастлабки мониторинг амалга оширилади, сунъий интеллект ёрдамида эса аномал ҳолатлар автоматик тарзда аниқланади. Бу маълумотларни ягона ахборот тизими орқали таҳлил қилиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Президентимиз марказ фаолияти билан танишар экан, сунъий интеллект орқали, айниқса, тоғ-кон ва металлургия тармоқларида самарадорликни ошириш бўйича катта имкониятлар борлигини таъкидлади. Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида замонавий ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига комбинатнинг ишлаб чиқариш ва технологик жараёнларини янада рақамлаштириш бўйича режалар тақдимот қилинди.
Қайд этилганидек, кондан маъдан қазиб олишдан бошлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнлар босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Келгуси беш йилда ҳар бир босқичга сунъий интеллект ечимларини кенг жорий этиш кўзда тутилган.
Саксон йил давомида тўпланган геологик ва маркшейдерлик маълумотлари асосида конларни рақамлаштириш ишларининг бориши ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, “Рақамли кон” тизими кунлик, ҳафталик ва ойлик қазиш ишларининг аниқ йўналишларини белгилаш имконини бермоқда.
Сунъий интеллект асосида карьер йўллари ҳолати назорат қилинмоқда, самосвал шиналарининг босими ва ҳарорати датчиклар орқали кузатиб борилмоқда. Ана шундай доимий мониторинг натижасида шиналарнинг хизмат муддати 14 фоизга оширилган.

Соҳада замонавий технологияларни чуқур ўзлаштирган мутахассислар тайёрлаш, кадрларни янги иш усуллари ва рақамли ечимлар асосида ўқитиш устувор вазифалардан бири экани кўрсатиб ўтилди.
Патент ишлари кўламини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фабрикадаги ҳар бир босқичда қўлланилаётган илмий-технологик ечимларни патентлаш, бу борада ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, истиқболли инновацион йўналишларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, янги патент бу – янги технология, янги ишлаб чиқариш йўналиши ва янги бозорлар, демак. Мамлакатимиздаги бой хомашё базаси жаҳон бозорларига чиқиш учун кенг имкониятлар яратаётгани инобатга олиниб, 2026 йилда қайси истиқболли йўналишларда яна қанча патент олиш мумкинлиги юзасидан аниқ ёндашувларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
