Қорақалпоғистон ва Жиззахда ҳокимият бош мутахассислари қўлга олинди
Зарбдор тумани ҳокимлиги мансабдори давлат захирасидаги 4 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали аукцион савдода ютиб, расмийлаштириб бериш эвазига пора олган.

Ҳокимият вакилларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Унда ҳокимият вакилининг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Зарбдор тумани ҳокимлиги бош мутахассиси ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, 1983 й.т. фуқаронинг яшаш хонадонига туташ бўлган, давлат захирасидаги 4 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали аукцион савдода ютиб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Хўжайли тумани ҳокимлиги бош мутахассиси ҳамда туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бош мутахассиси ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фермер хўжалик раҳбари ноқонуний равишда 250 млн сўмга сотишни режалаштирган 41,6 гектар ер майдонини давлат захирасига қайтармасдан ва аукцион савдоларига чиқармасдан хоразмлик тадбиркор номига расмийлаштириб бериш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
