Ўзбекистонда 1 ГВт’ли узлуксиз “яшил” энергия лойиҳаси амалга оширилади
Мазкур масала юзасидан БААнинг Masdar компанияси билан меморандум имзоланган. Лойиҳа тахминан 1 млнгача хонадонни экологик тоза электр энергияси билан таъминлаши мумкин.

Ўзбекистонда 1 ГВт’ли узлуксиз “яшил” энергия лойиҳаси режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишда нафақат минтақавий, балки глобал миқёсдаги трендларни ҳам белгилаб бериш йўлидан кетмоқда.
БААнинг Masdar компанияси 2026 йил январ ойида Ўзбекистонда 1 ГВт қувватга эга узлуксиз (24/7) тоза энергия лойиҳасини ўрганиш бўйича меморандум имзолаган. Амирликлар томонидан энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад Ал Мазруий ва Masdar бош директори Муҳаммад Жамил Ал Рамаҳий иштирок этди. Ушбу ташаббус нафақат қайта тикланадиган энергия таъминотининг беқарорлиги муаммосини ҳал қилиши, балки глобал миқёсда шунга ўхшаш технологик ечимларни жорий этиш учун намуна бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур лойиҳа ўзининг ўзаро тўлдирувчи (комплиментар) тузилиши билан анъанавий станциялардан тубдан фарқ қилади ва икки асосий бўғинни қамраб олади: юқори самарадорликка эга қуёш панеллари орқали энергия ишлаб чиқариш (генерация); энергияни захираловчи юқори қувватли батареялар мажмуаси (аккумуляция).
Бундай технологик ечим кундузи тўпланган энергияни тунги вақтда ҳам тармоққа узлуксиз узатиш имконини беради.
Ҳисоб-китобларга кўра, 1 ГВт қувват тахминан 1 миллионгача хонадонни экологик тоза электр энергияси билан таъминлаш имконига эга. Бу кўрсаткич аҳолининг энергияга бўлган талабини қондириш билан бир қаторда, анъанавий ёқилғи ресурсларини тежаш ва атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтиришга хизмат қилади.
Соҳа экспертларининг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ушбу тажрибаси қайта тикланувчи энергия манбаларини умумий тармоққа интеграция қилишда глобал андозага айланиши мумкин. Агар “Round-the-clock” модели амалиётда ўз самарасини кўрсатса, бу энергия танқислигига барҳам бериш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда бошқа давлатлар учун муҳим намуна бўлади.
Masdar (Abu Dhabi Future Energy Company) бутун эко-шаҳарларни қуришда тажрибали ҳисобланади: унинг Абу Дабидаги Masdar city номли флагман лойиҳаси дунёдаги энг барқарор шаҳарлардан бири бўлиш учун мўлжалланган бўлиб, у ички ёнув двигателли транспорт воситаларидан бутунлай холи ва тўлиқ қайта тикланадиган энергия билан ишлайди.
