Жиззахда мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи пора билан қўлга олинди
У давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида текширув ўтказмаслик эвазига унинг раҳбаридан 4,8 млн сўм талаб қилган.

Таълим соҳаси мансабдори пора билан ушланди.
Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ва Прокуратура органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Жиззах вилояти таълим тизими масъулларидан бирининг ноқонуний ҳаракати фош этилди.
Хусусан, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида текширув ўтказмаслик эвазига, унинг раҳбаридан 4,8 млн сўм миқдорида пора талаб қилган.
Аммо, ушбу мансабдор шахс сўралган пул маблағини тамагирлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, тергов жараёнида уни Жиноят Кодексининг 167, 209 ва 243-моддаларида назарда тутилган бошқа ноқонуний ҳаракатлари ҳам фош қилинди.
Аввал нуфузли банкнинг мансабдор ходими 30 минг доллар билан қўлга олинганди.
У салкам 73 млрд сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали бартараф қилиб бериш эвазига пора талаб қилган.
