Ўқув марказлари уюшмаси ташкил қилинади
Уюшмага аъзо бўлган хусусий ўқув марказларига биносини ижарага берган тадбиркорлар ижарадан олинадиган даромад ва фойда солиғини тўлашдан озод этилади. Уларнинг ўқитувчилари илғор давлатларга стажировкага юборилади.

Хорижий тил сертификатини олган ёшларга имтиҳон ва ўқиш харажатини қоплаш йўлга қўйилгани катта самара берди. Сертификатга эга ёшлар 600 мингдан ошди. Энг муҳими, хорижий тилларни мукаммал биладиган 72 мингта инструктор пайдо бўлди.
Яратилган шароитлар ҳисобига хусусий ўқув марказларининг сони 3 карра кўпайиб, 38 мингдан ошди. Мазкур йўналишдаги ёш тадбиркорлар Ўқув марказлари уюшмасини ташкил қилиш ташаббуси билан чиққан. Президент буни қўллаб-қувватлади.
Эндиликда уюшмага аъзо бўлган хусусий ўқув марказларига биносини ижарага берган тадбиркорлар ижарадан олинадиган даромад ва фойда солиғини тўлашдан озод этилади.
Бундай марказларнинг ўқитувчиларини Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобидан АҚШ, Буюк Британия, Сингапур, Япония каби илғор таълим марказларига стажировкага юбориш йўлга қўйилади.
“Кўмак” дастури доирасида 130 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилгани учун олис ва чекка ҳудудларда олти ой ичида хорижий тил ўргатадиган 120 дан зиёд ўқув маркази иш бошлади.
Бундай ўқув марказларини ташкил қилиб, тажриба орттирган ёш тадбиркорлар атрофида АТ ва замонавий касб маркази, кутубхона, спорт тўгаракларини очиш таклифини бермоқда.
“Кўмак” лойиҳаси доирасида ўз бизнесини бошлаб, яхши натижа кўрсатаётган ёшлар фаолиятини кенгайтириш учун 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда ажратиш йўлга қўйилади.
Энди олис ҳудудлардаги ўқув марказлари ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдорида тўлайди, улардаги ўқитувчилар учун даромад солиғи 7,5 фоиз бўлади (ҳозир ижтимоий ва даромад солиғи 12 фоиздан тўланади).
Ёшлар ишлари агентлигига хусусий ўқув марказлари билан ҳамкорликда йилига 20 минг ёшни келажак касбларига ўқитиш дастурини ишга тушириш, ҳар бир туманга 500 миллион сўмгача ссуда ажратиб, техникум ва ўқув марказларида касб-ҳунар лабораториясини ташкил қилиш топширилди.
