Садир Жапаров учта вазирни ишдан бўшатди
Кадрлар ўзгаришига изоҳ берар экан, Жапаров Қирғизистонда тўнтариш эҳтимолини рад этди. Туркманистонда ҳам миллий хавфсизлик раҳбари алмаштирилди.

Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда қатор мансабдорлар ишдан олинди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлари Бообек Ажикеев, Табиий ресурслар вазирлиги Медер Машиэв ва Транспорт вазирлиги раҳбарлари Абсаттар Сиргабаевни ишдан бўшатди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Урматбек Шамирканов Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи, Талантбек Солтобаев Транспорт ва коммуникация вазири вазифасини бажарувчи, Ақил Токтобаев эса Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Кадрлар ўзгаришига изоҳ берар экан, Садир Жапаров Қирғизистонда тўнтариш эҳтимолини рад этди:
"Ҳеч қандай тўнтариш ёки шунга ўхшаш нарса бўлмайди. Биринчидан, қонунлар бунга йўл қўймайди, иккинчидан, бундай вазият мавжуд эмас", деди президент Кабар ахборот агентлигига берган интервьюсида.
У мамлакатнинг шимол ва жанубга бўлинишининг олдини олишга ваъда берди. 10 февраль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Камчибек Ташиевни ишдан бўшатди. Қамчибек Ташиевнинг ўринбосарларидан бири, мамлакатнинг юқори лавозимли амалдорлари ва собиқ давлат раҳбарларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган хизматни бошқарган Жумгалбек Шабданбеков қўмита раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 12 февраль куни давлат раҳбари Хавфсизлик Кенгашининг янги котиби Адилет Орозбековни тайинлади. Бу ўзгаришлар мамлакат президентлик сайловларидан бир йил олдин амалга оширилди.
Туркманистонда ҳам миллий хавфсизлик раҳбари алмаштирилди.

Туркманистон миллий хавфсизлик вазири Назар Атагараев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига мамлакат президенти хавфсизлик хизматини бошқариб келган генерал-майор Довлетгелди Мередов тайинланди.
Бунгача Туркманистон ҳукуматида ҳам ўзгаришлар амалга оширилганди: Гуванч Агаджанов, Батир Маммедов ва Батир Аннаевлар вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосарлари этиб тайинланганди.
