Божхона қўмитаси ва Миллий гвардиянинг қатор ходимлари нафақага кузатилди
Улар орасида Тошкент шаҳар ва Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиқлари ҳам бор.

Божхона қўмитаси ва Миллий гвардияда бир гуруҳ ходимлар нафақага кузатилди.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Ёқуб Мирзараҳимов ва Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Иняминов пенсияга чиқарилди.
Миллий гвардия тизимида эса полковник Илҳом Турғунов, полковник Зокирали Чиналиев, полковник Хондамир Раҳманов ва полковник Серик Хабибуллаевлар нафақага кузатилиб, улар билан хайрлашиш маросими бўлиб ўтди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида прокуратура органларида кўп йиллар давомида хизмат қилган ходимлардан бир гуруҳи нафақага кузатилган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 27 январ куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳуқуқ-тартибот тизимида хизмат ёши масаласини танқид қилиб, нафақа ёшидан кейин ҳам раҳбарлик лавозимларида ишлаётган ходимларга эътибор қаратган эди.
Президент тизимларда 300 дан ортиқ нафақа ёшидагилар раҳбар лавозимида фаолият олиб бораётгани, бундан 135 нафари прокуратура органларига тўғри келиши айтилган эди.