platina.uz
Жамият

Меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш тартиби белгиланди

Тўловлар энг кам суғурта стажига ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси орқали тўланган суғурта бадалига мутаносиб равишда тўланади. 

Меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг 17.12.2025 йилдаги "Аҳолига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни амалга ошириш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги 796-сон қарори қабул қилинди.

Президентнинг 03.11.2025 йилдаги ПФ-206-сон Фармонига мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади.

Бунда тўловлар фуқароларга уларнинг энг кам суғурта стажига ва Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси орқали тўланган суғурта бадалига мутаносиб равишда тўланади.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

-Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси тўғрисидаги низом;

-Жамғарма Кузатув кенгашининг таркиби;

-Жамғарма Ижро этувчи дирекциясининг тузилмаси;

-Давлат ижтимоий суғуртаси доирасида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисидаги низом.

Жамғарма орқали проактив шаклда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси (2026 йил 1 январдан) ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси (2026 йил 1 июлдан) тайинланади ва тўланади.

Фуқароларни давлат ижтимоий суғуртаси билан қамраб олиш қуйидаги шартларда амалга оширилади:

мажбурий асосларда – ставкаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан белгиланадиган ЖШДСнинг бир қисми ҳисобига;

ихтиёрийлик асосида – МҲТЭКМнинг 5 фоизи миқдоридаги ҳар ойлик суғурта бадалининг энг кам миқдорини тўлаш ҳисобига.

Суғурталанган шахслар, уларнинг суғурта стажи ва бадаллари ҳисобини юритиш, шунингдек, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш жараёнлари "Рақамли ҳукумат" тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олинадиган маълумотлар асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизимида амалга оширилади.

Низомга мувофиқ суғурта ҳодисаси юз берганда суғурталанган шахсларга тўловлар қуйидаги шартлар асосида тайинланади:

– давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни олиш ҳуқуқи, агар суғурта ҳодисаси:

-суғурталанган шахслар иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда;

-юридик ёки жисмоний шахслар билан тузилган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида хизматлар кўрсатиш даврида;

-қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа расмий фаолият билан шуғулланиш даврида.

– агар суғурта стажи ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш учун камида 10 ойни ва вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини олиш учун камида 6 ойни ташкил этса.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини тўлаш меҳнатга қобилиятсизлик варақасида кўрсатилган бутун давр учун, бироқ бир календарь йил мобайнида 182 календар кундан ортиқ бўлмаган давр учун амалга оширилади.

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдорини ҳисоблашда ўртача ойлик иш ҳақига суғурталанган шахснинг суғурта стажига мутаносиб равишда стаж коэффициенти қўлланилади. Бунда нафақа тўлаш суғурта стажига боғлиқ:

10 ойдан 24 ойгача (24 ой ҳам киради) – 75%;

25 ойдан 60 ойгача (60 ойни ҳам қўшиб ҳисоблаганда) – 85%;

61 ойдан бошлаб – 100%.

Суғурталанган шахсларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тайинланган тўловларни тўлаш молия агенти томонидан амалга оширилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.12.2025 йилдан кучга кирди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid