Павел Дуров Россия ҳукуматига айблов билан чиқди
Роскомнадзор мамлакатда Телеграмни расман чеклашни бошлади. Дуров эса расмийларни "давлат томонидан назорат қилинадиган иловага ўтишга мажбурлаш"да айблади.

Россияда Телеграм фаолиятида муаммолар бошланди.
Мессенжер асосчиси Павел Дуров Россия ҳукуматига айблов билан чиқди.
Дуров "фуқароларини кузатув ва сиёсий цензура учун мўлжалланган давлат томонидан назорат қилинадиган иловага ўтишга мажбурлашга" уринишда айблади.
Тадбиркор ўз платформаси босимдан қатъи назар, сўз эркинлиги ва шахсий ҳаётга дахлдорликни ҳимоя қилишини таъкидлади.
"Саккиз йил олдин Эрон ҳам худди шундай стратегияни синаб кўрди ва муваффақиятсизликка учради. Улар Телеграмни уйдирма баҳоналар билан тақиқлаб, одамларни давлат томонидан бошқариладиган алтернативага ўтишга мажбурлашга ҳаракат қилишди.
Тақиққа қарамай, аксарият эронликлар ҳали ҳам Телеграмдан фойдаланадилар (цензурани четлаб ўтиб) ва уни кузатув остидаги иловалардан афзал кўришади", дея ёзди Дуров ўз каналида.
Роскомнадзор Россияда Телеграм мессенжерини расман чеклашни бошлади. IT соҳасидаги ва давлат идораларидаги РБК манбаларига кўра, регулятор хизматни секинлаштира бошлади.
Телеграмни қисман чеклаш бўйича биринчи чоралар сешанба, 10 феврал куни жорий этилди.
Бир манбага кўра, мессенжерга кириш тезлигини махсус равишда камайтириш бўйича техник ишлар аллақачон бошланган.
Россия вакиллари Телеграмни давлат хавфсизлик идоралари билан ҳамкорлик қилмаслик ва бошқаларда айблайди.