Асакабанк мобил иловасида хавфсизлик кучайтирилди
Мижозлар маблағларини янада ишончли ҳимоя қилиш учун пул ўтказмаларини Wi-Fi орқали амалга ошириш ҳам чекланиши мумкин.

Фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш ва мижозлар маблағлари дахлсизлигини таъминлаш мақсадида Асакабанк мобил иловасига янги антифрод ва антивирус ҳимоя тизимлари жорий этилди.
Шу муносабат билан иловадан фойдаланишда қуйидаги муҳим ўзгаришлар мавжуд.
Агар мобил қурилмада хавфли деб топилган файллар (Taklifnoma.apk, MIB.apk, Sudqaro.apk, Sening Rasmimg.apk, Mygov.apk ва бошқа шубҳали .apk файллар) аниқланса, хавфсизлик нуқтаи назаридан иловага кириш вақтинча чекланади.
Мақсад: бундай дастурлар СМС-кодларингизни ўқиши ва фирибгарларга узатишининг олдини олиш.
Ечим: телефон созламалари (Settings) → Иловалар (Applications) бўлимига кириб, нотаниш ва шубҳали дастурларни ўчириб ташлаш ва телефонни қайта ишга тушириш (рестарт қилиш) лозим.
Пул ўтказмаларидаги янги тартиб: мижозлар маблағларини янада ишончли ҳимоя қилиш учун тўлов жараёнларида янги талаблар қўйилмоқда. Хусусан, пул ўтказмаларини амалга ошириш Wi-Fi тармоғи орқали чекланиши мумкин. Операциялар учун мобил интернетдан (SIM-карта орқали) фойдаланиш лозим.
SIM-карта назорати: сиз фойдаланаётган банк аккаунти ва SIM-карта айнан битта қурилмада бўлиши шарт. Акс ҳолда, ўтказмаларни амалга ошириб бўлмайди.
Ушбу чекловлар муаммо эмас — бу мижозлар маблағларини сақлаш учун ишлаб чиқилган ҳимоя механизмидир!
Қўшимча саволлар бўйича аловқа маркази телефони: 1152.