Абдуқодир Ҳусанов "Манчестер Сити"да ойнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди
У мазкур соврин учун курашда Бернарду Силва ҳамда Жанлуиджи Доннаруммани ортда қолдирди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов январ ойининг энг яхши футболчиси деб топилди.
Бу ҳақда клуб матбуот хизмати расман хабар берди.
Ушбу соврин учун Бернарду Силва ҳамда Жанлуиджи Доннарумма ҳам номзод сифатида кўрсатилган бўлиб, ғолиб клубнинг расмий веб-сайтида мухлислар ўртасида ўтказилган овоз бериш орқали аниқланди.
Овоз бериш натижаларига кўра, Ҳусанов энг кўп овоз тўплаб, ушбу индивидуал мукофотга сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ҳусанов январ ойида жами тўққизта учрашувда майдонга тушди.