Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади
Мазкур санага бағишланган почта маркалари ва конвертлар, тақвимлар яратилади, эсдалик, кумуш ва олтин юбилей тангалари муомалага чиқарилади.

Президент "Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида" қарорни имзолади.
Мазкур қарорнинг асосий мақсади Иккинчи Уйғониш даврининг миллий ва умуминсоний моҳияти, ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ташкилий-амалий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни янги сифат босқичига кўтариш ҳисобланади.
Фанлар академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Халқаро Амир Темур жамоат фондининг қуйидаги таклифлари маъқулланди:
- жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш;
- ҳар йили апрел ойини “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиш ва унинг доирасида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар уюштириш.
-Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш;
- “Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси”, “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” китоб-албомларини яратиш.
Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган почта маркалари ва конвертлар, тақвимлар ва кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш, эсдалик, кумуш ва олтин юбилей тангаларини муомалага чиқаришни таъминланади.
Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Бош вазир А.Н. Арипов зиммасига юкланган.