platina.uz
Жамият

Ўзбекистонда 18 та уюшган жиноий гуруҳ фаолияти тугатилди

20 январдан бошлаб ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида бутун республика миқёсида кенг қамровли тезкор тадбирлар бошланди. 

Ўзбекистонда 18 та уюшган жиноий гуруҳ фаолияти тугатилди

Ўзбекистонда уюшган жиноятчиликка қарши кенг кўламли махсус операциялар: 18 та жиноий гуруҳ тугатилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатида мамлакатдаги жиноятчилик ҳолатини яхшилаш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ва тадбиркорларнинг хавфсизлигини кафолатлаш зарурлигини таъкидлаб ўтганди.

Хусусан, уюшган жиноий гуруҳларнинг тадбиркорларга босим ўтказиши, иқтисодий фаолиятга путур етказиши каби ҳолатларни қаттиқ танқид қилиб, ҳуқуқ-тартибот органларига бундай тузилмаларнинг фаолиятини тўлиқ тўхтатиш бўйича аниқ топшириқ берган.

Ушбу топшириқни амалга ошириш мақсадида 2026 йил 20 январдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида бутун республика миқёсида кенг қамровли тезкор тадбирлар бошланди.

Бир неча ҳафта ичида ўтказилган 2600 дан зиёд махсус операция натижасида мувафаққиятли натижаларга эришилди. Жумладан, 18 та уюшган жиноий гуруҳнинг ноқонуний фаолияти бутунлай йўқ қилинди ва улар томонидан содир этилган 51 та жиноят очиб берилиб, айбдорларга қарши қонуний чоралар қўлланилди.

Шунингдек, фуқаролардан ноқонуний сақланаётган 104 та ўт очар ва совуқ қурол, 987 дона ўқ-дори ҳамда 1,5 килограмм портловчи моддалар мусодара қилинди. Ноқонуний қурол сақлашнинг 108 та ҳолати аниқланиб, шу асосда жиноят ишлари қўзғатилди.

Наркотик савдоси йўналишида ҳам катта муваффақиятга эришилди: 123 килограмм гиёҳванд моддалар, жумладан Қирғизистондан ноқонуний олиб кирилганлар, шунингдек 57 013 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Республика бўйлаб наркотик билан боғлиқ 951 та ҳолат фош этилиб, 527 та жиноят иши қўзғатилди, 30 та маъмурий иш юритилди.

Бундан ташқари, 45 та товламачилик ҳолатида жами 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Шунингдек, 8 та талончилик ва ҳужум, 42 та қимор ўйинлари билан боғлиқ жиноятлар ва 386 та одам савдоси, ОИВ инфекциясини тарқатиш, фоҳишахона сақлаш каби жиноятлар аниқланди.

Афсуски, баъзи жиноий гуруҳлар таркибида спорт билан шуғулланувчи ёшлар ҳам бор бўлиб, улар ўз хатти-ҳаракатларидан чин дилдан пушаймонлик билдирган.

Тезкор тадбирлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни ҳушёр бўлишга, шубҳали ҳолатларни дарҳол хабар қилишга чақирмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid