“Sea Breeze Uzbekistan” бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилади
Тадбир туристик мажмуа қурилишининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолашга бағишланади.

“Sea Breeze Uzbekistan” туристик мажмуаси бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилади.
2026 йил 23 январ куни соат 10:00да Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги биносида (Тошкент вилояти, Ғазалкент шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 14-уй) “Sea Breeze Uzbekistan” туристик мажмуаси қурилиши лойиҳаси бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Лойиҳа Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида, Чорвоқ сув омборининг шарқий қирғоғи ҳудудида жойлашган бўлиб, замонавий туристик инфратузилмани барпо этишни назарда тутади.
Мазкур жамоатчилик эшитувлари лойиҳаси доирасида:
• ҳудудни режалаштириш ва қурилиш ечимлари;
• атмосфера ҳавоси, сув ва тупроққа бўладиган таъсир;
• чиқиндиларни бошқариш;
• яшил ҳудудлар ва сув объэктларини муҳофаза қилиш;
• экологик хавфсизлик чоралари ва мониторинг масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.
"Лойиҳа ҳужжатлари Ўзбекистоннинг амалдаги экологик қонунчилиги талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Лойиҳа бўйича таклиф ва мулоҳазаларингизни жамоатчилик эшитувлари давомида ёки ёзма шаклда тақдим этишингизни сўраймиз", дейилади хабарда.