"Ўзбекистон – 2030” стратегияси мурожаатнома асосида янгитдан тайёрланди
Глобал иқтисодиётдаги ўзгаришлар, сунъий интеллект ривожи, аҳоли эҳтиёжларининг янгиланиб бораётгани стратегияни янгилашда муҳим омил бўлди.

Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янгиланган лойиҳаси юзасидан ОАВ вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда стратегияни қайта кўриб чиқиш зарурати, эришилган натижалар ҳамда келгуси йилларга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Матбуот анжуманида сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида эришилган кўрсаткичлар қайд этилди. Жумладан, камбағаллик ва ишсизлик даражасининг пасайгани, ялпи ички маҳсулот, экспорт ва инвестициялар ҳажмининг ошгани таъкидланди. Шунингдек, аҳолининг ўсиши, таълим қамровининг кенгайиши ва халқаро алоқалар мустаҳкамлангани алоҳида эътироф этилди.

Йиғилишда глобал иқтисодиётдаги ўзгаришлар, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожи, аҳоли эҳтиёжларининг янгиланиб бораётгани стратегияни янгилашда муҳим омил бўлгани айтилди. Шу асосда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси ишлаб чиқилгани маълум қилинди.
Анжуманда стратегияда белгиланган мақсад ва кўрсаткичлар аниқ ва ўлчанадиган шаклда белгилангани, уларнинг бажарилиши йилма-йил режалаштирилгани, вазирлик ва идоралар масъулияти ҳамда молиявий манбалар аниқлаштирилгани қайд этилди.
Шунингдек, мазкур ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, келиб тушадиган таклиф ва фикрлар асосида янада такомиллаштирилиши билдирилди.