platina.uz
Жамият

Ўзбекистонда автомобил рақамларини кузатиш тизими интернетда ҳимоясиз экани аниқланди

Тизимда Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудлари — катта шаҳарлардан тортиб чекка қишлоқларгача бўлган 100 га яқин жойлашувлар кўринган. 

Ўзбекистонда автомобил рақамларини кузатиш тизими интернетда ҳимоясиз экани аниқланди

Ўзбекистонда йўл ҳаракатини назорат қилувчи автомобил рақамларини кузатиш тизими интернетда паролли ҳимоясиз экани хабар қилинди.

Халқаро технологик нашр TechCrunch’нинг хабар беришича, Ўзбекистон томонидан фойдаланиладиган автомобил рақамларини сканерлаш ва кузатиш миллий тизими интернет тармоғида ҳеч қандай паролсиз, очиқ ҳолда аниқланган.

Ушбу хатолик туфайли исталган шахс мамлакат бўйлаб ўрнатилган камералардан олинаётган жонли видеоларни ва миллионлаб ҳайдовчиларнинг шахсий маълумотларини кўриш имконига эга бўлган.

Тизимда Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудлари — катта шаҳарлардан тортиб чекка қишлоқларгача бўлган 100 га яқин локациялар кўринган. Камералар банки орқали нафақат автомобил рақамлари, балки:

-Ҳайдовчи ва йўловчиларнинг юзлари туширилган юқори сифатли кадрлар;

-Машиналарнинг ҳаракатланиш траекторияси;

-Аниқ вақт ва манзил кўрсатилган архив маълумотлари очиқ бўлган.

Тошкентда камералар ўндан ортиқ нуқтада жойлашган бўлиб, уларнинг баъзиларини ҳатто Google Street View хизмати орқали ҳам кўриш мумкин.

Кузатув тизимида асосан Хитойнинг Maxvision компанияси ишлаб чиқарган камералар ва технологиялардан фойдаланилгани айтилмоқда. Ушбу компания илгари ҳам турли мамлакатларда хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ танқидларга учрагани айтилган.

TechCrunch маълумотларига кўра, тизим Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан бошқарилади.

Нашр ушбу хатолик бўйича Ўзбекистон расмийларига сўров юборганидан сўнг, тизимга кириш чеклангани айтилмоқда. Бироқ, маълумотлар қанча вақт давомида очиқ тургани ва уларни кимлар кўчириб олгани номаълумлигича қолмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid