Гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмоли бўйича жазо кучайтирилади
Жамоат жойларида гиёҳвандлик ёки психотроп воситалар, уларнинг аналогларини истеъмол қилгани учун 25 миллион сўмгача жарима ва 15 суткагача қамоқ кўзда тутилади.

Гиёҳвандлик моддалар савдоси, ишлаб чиқариш, сақлаш ёки ноқонуний истеъмоли учун жазони кучайтириш мақсадида Жиноят кодексига қўшимчалар киритилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров маълум қилди.
Жумладан:
- 149-моддага 12 қўшимча билан, таълим муассасалари, уларнинг ётоқхоналари, оромгоҳлар, спорт соғломлаштириш масканлари ва уларга туташ ҳудудларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёҳуд кучли таъсир қилувчи моддаларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда, интернет ёки ҳар қандай коммуникация воситасида сотиш ёки сақлаш 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинади;
- 187-моддага 1 қўшимча билан, жамоат жойларида гиёҳвандлик ёки психотроп воситалар, уларнинг аналогларини истеъмол қилгани учун 25 миллион сўмгача жарима ва 15 суткага қамоқ;
- 149-моддага 14-15 қўшимчалар билан, гиёҳвандлик воситалари савдосини трансчегаравий жиноий гуруҳ манфаатлари учун ёки уюшган гуруҳ томонидан телекомуникация ва интернет тармоғидан фойдаланиб амалга оширилган бўлса, 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари белгиланмоқда.