Актёр Питер Грин ўз квартирасидан ўлик ҳолда топилди
Грин 1990-йилларда шуҳрат қозонган ва кўпинча ёвуз қаҳрамонларни ўйнаган. Эсда қоларли ролларидан бири "Ниқоб" филмидаги Дориан Тирелл роли эди.

"Ниқоб" филми орқали танилган америкалик актёр Питер Грин Ню-Йорк шаҳридаги квартирасида ўлик ҳолда топилди.
У 60 ёшда эди. Унинг узоқ йиллик менежери Грегг Эдвардс актёрнинг ўлимини The Post нашрига тасдиқлади.
Полиция маълумотларига кўра, Грин жума куни соат 15:25 атрофида ўз квартирасида ҳушсиз ҳолда топилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳеч қандай қоидабузарлик аломатларини топмаган ва тиббий эксперт аниқ сабабни аниқлайди.
"У ажойиб йигит эди", деди ўн йилдан ортиқ вақт давомида бирга ишлаган Гриннинг менежери Грегг Эдвардс.
Актёрнинг вакили шунингдек, Питер Грин январь ойида Микки Рурк билан бирга суратга тушадиган "Маскотлар" триллерини суратга олишни бошлаши режалаштирилганини хабар қилди. Эдвардснинг сўзларига кўра, актёрнинг ўлими ҳақидаги хабар бутун продюсерлик гуруҳи учун жиддий зарба бўлган.
Питер Грин 1990-йилларда шуҳрат қозонган ва кўпинча ёвуз қаҳрамонларни ўйнаган. Унинг энг эсда қоларли ролларидан бири Жим Керри ва Кэмерон Диаз билан бирга суратга тушган "Ниқоб" фильмидаги гангстер Дориан Тирелл роли эди.
Актёр Ню-Жерси штатининг Монтклер шаҳрида туғилган. Интервьюда у ўсмирлик чоғида Ню-Йорк кўчаларида яшаганини ва гиёҳвандлик билан курашганини айтди. 1996 йилда ўз жонига қасд қилишга уринишдан сўнг, Грин профессионал ёрдам сўради.
Унинг қарийб 95 та фильм ва телевидениедаги роллари бор. Унинг машҳур фильмлари ва телесериаллари орасида "Оддий гумонланувчилар", "Гравитация қонунлари" ва бошқалар бор.