Гиёҳвандликка қарши кураш халқаро даражада кучаймоқда
Самарқандда ўтган тадбир минтақавий гиёҳвандликка қарши ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича асосий мувофиқлаштириш механизми сифатида муҳим қадам бўлди.

5 декабр куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш марказига (МОМАММ) аъзо давлатлар Миллий мувофиқлаштирувчилари кенгашининг (ММК) навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар ҳамда Марказий Осиё, АҚШ, Германия, Эрон ва бошқа давлатлар делегациялари қатнашди.
Йиғилиш “МОМАММ 2.0: Минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашда ташкилий салоҳиятни ошириш” мавзусига бағишланди. Кенг доирадаги сессияда соҳа бўйича тажриба ва ҳамкорлик масалалари, жумладан, халқаро миқёсда гиёҳвандликка қарши курашни кучайтириш, янги синтетик моддалар таҳдиди, назорат ва ахборот алмашинуви масалалари кўриб чиқилди. Қатор халқаро ташкилотлар ва БМТ НЖБ билан ҳамкорлик юзасидан ҳам музокаралар ўтказилди.
Кенг доирада – ШҲТ, ЕХҲТ, КХШТ, МДҲ давлатлари Кенгаши, ЭАГ (Йевроосиё Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти), ГCC (Араб Ҳамдўстлик Кенгаши) каби халқаро ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитатсиядан ўтган дипломатик корпус ва хорижий ОАВ вакиллари, шунингдек Марказий Осиё мамлакатлари, АҚШ, Германия, Беларус, Эрон ва бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари иштирок этади. МОМАММ директори ва томонлар Марказий Осиё мамлакатларидаги жорий нарковазият борасидаги таҳлиллари ҳамда ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифларни тақдим этди. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ), АҚШ Давлат департаментининг Наркотикларга қарши кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича халқаро бюроси (ИНЛ), Афғонистон элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти вакиллари ҳам ўз маърузалари билан чиқиш қилдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2025–2026 йилларга мўлжалланган “Гиёҳвандликка қарши кураш ва наркожиноятчиликни олдини олиш бўйича” Миллий дастур тақдимоти бўлиб ўтди.
МОМАММга аъзо давлатлар ҳудудидаги нарковазият
Марказий Осиёдаги нарковазиятни мониторинг қилиш орқали бир қатор ташвишли тенденциялар аниқланди. Булар орасида гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилиниши ҳажмининг ошиши, янги синтетик моддалар пайдо бўлиши ва уларнинг тарқатиш усуллари янада такомиллашгани қайд этилди.
Сўнгги 5 йил ичидаги расмий статистика нарковазиятнинг ёмонлашаётганини кўрсатмоқда. Бу ҳолат контрабанда оқимлари ва синтетик наркотикларнинг кенг тарқалиши билан боғлиқдир.
МОМАММга аъзо давлатларда ушбу давр мобайнида:
- умумий наркожиноятлар сони 51,8% га;
- мусодара қилинган наркотик моддалар ҳажми 139,2% га;
- синтетик наркотиклар мусодараси 63,2% га ортган.
Мазкур маълумотлар трансмиллий наркожиноятчиликка қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш зарурлигини тасдиқлайди.
Ўз мандатига мувофиқ, МОМАММ гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши қўшма халқаро операциялар, жумладан, назорат остидаги жўнатмалар етказиб берилишини ташкил этиш, ўтказиш ва мувофиқлаштиришда кўмаклашиб, трансмиллий наркожиноятчиликка оид маълумотларни тўплаш, сақлаш, ҳимоя қилиш, таҳлил қилиш ва алмашиш фаолияти билан шуғулланади.
2025 йил сентабр ойидан бошлаб МОМАММга Ўзбекистон Республикаси раислик қила бошлади. Марказ ўз фаолияти давомида 85 дан ортиқ наркотикларга қарши операцияларни, жумладан халқаро назорат остидаги етказиб бериш операцияларини мувофиқлаштирган.
Натижада:
- 7,5 тоннадан ортиқ наркотиклар мусодара қилинди;
- 62 тоннадан зиёд прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилди;
- 122 нафар уюшган жиноятчилик гуруҳлари етакчилари қўлга олинди.
Ушбу натижалар МОМАММнинг наркотиклар савдосига қарши курашда муҳим минтақавий мувофиқлаштириш механизми сифатида фаолиятидаги самарадорликни аниқ намоён этади.
Шу билан бирга, синтетик наркотиклар хавфининг ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, МОМАММ БМТ НЖБ билан ҳамкорликда янги психофаол моддалар пайдо бўлиши тўғрисида минтақавий “ерта огоҳлантириш тизими”ни жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда. Ушбу тизим янги нарко таҳдидларни тезкор аниқлаш ва олдини олиш имконини беради.
Йиғилиш якунлари бўйича Марказий Осиё давлатлари ва уларнинг ҳамкорлари билан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ замонавий таҳдидларга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган Қўшма декларация (коммунюке) қабул қилинди.
Тор доирада – ММК раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди. Йиғилишда МОМАММнинг фаолиятини такомиллаштириш ва унинг институционал салоҳиятини ошириш масалалари, 2026 йил учун Тадбирлар режасини (“Йўл харитаси”) тасдиқлаш, МОМАММ буджетини шакллантириш, шунингдек ташкилот доирасида ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича алоҳида таклифлар муҳокама қилинди.
Самарқандда бўлиб ўтган ММК йиғилиши минтақавий гиёҳвандликка қарши ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича асосий мувофиқлаштириш механизми сифатида муҳим қадам бўлди.
Абулфайз Сайидасқаров,
Самарқанддан махсус