platina.uz
Жаҳон

Озарбайжонда мухолифат етакчиси қамоққа олинди

Мухолиф партия бошқаруви аъзоси Маммад Иброҳим ҳам ушланган. Улар ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уринишда айбланди. 

Озарбайжонда мухолифат етакчиси қамоққа олинди

1 декабр куни Бокунинг Сабаил туман суди Озарбайжон Халқ фронти Миллий демократик партияси (ХХФП) раиси Али Керимли ва партия бошқаруви аъзоси Маммад Иброҳимни икки ой ва 15 кунга ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Улар ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уринишда айбланмоқда. Deustche Welle маълумотларига кўра, сиёсатчилар 12 йилдан умрбод қамоқ жазосигача ҳукм қилиниши мумкин.

Керимли 29 ноябр куни ҳибсга олинган. Озарбайжон давлат оммавий ахборот воситалари мухолифат етакчисининг уйида тинтув ўтказилганда президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Рамиз Меҳдиевга тегишли хатлар топилганини хабар қилишди.

Октябр ойида суд 87 ёшли Меҳдиевни давлат тўнтаришига уриниш ва давлатга хиёнат қилиш каби айбловлар билан тўрт ойга уй қамоғига олишганди.

Керимли Меҳдиев билан алоқаларини рад этган.

Reuters манбасига кўра, расмийлар Керимлини Меҳдиевдан маблағ олганликда айбламоқда. Халқ фронти партияси етакчиси бу айбловларни рад этади ва уларни сиёсий деб ҳисоблайди, деб хабар берди унинг адвокати агентликка.

Керимли ҳақида нималар маълум?

Али Керимли Озарбайжон Халқ фронти партиясини 2000 йилдан бери, унинг олдинги раҳбари, собиқ президент Абулфаз Элчибей вафотидан кейин бошқариб келмоқда.

20 йил давомида унга хорижга чиқиш паспорти берилмади. 2015 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди бу қоидабузарлик унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқини бузган деб қарор чиқарди.

Айрим инсон ҳуқуқлари фаоллари Керимлининг ҳибсга олинишини янги репрессия тўлқинининг бир қисми сифатида иддао қилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid