platina.uz
Иқтисод

Ҳосилни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича Бахмал тажрибаси жорий этилади

Интенсив боғ ташкил қилишда имтиёзли давр билан 14 фоиздан кредит берилади. Кейинги йилдан бошлаб экин ерларини ижарага беришнинг янги тизими жорий қилинади. 

Ҳосилни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича Бахмал тажрибаси жорий этилади

Ҳосилни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича Бахмал тажрибаси жорий этилади. Бу ҳақда Жиззахдаги йиғилишда айтиб ўтилди.

Ҳозирда Бахмалдаги 14 минг гектар боғларнинг 4 минг гектари эскирган, улардан олинаётган ҳосил эса гектарига 10 тоннага ҳам етмайди.

Шу боис, эски боғларни интенсивга ўтказиш, ҳосилни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича Бахмал тажрибасини жорий қилиш зарурлиги таъкидланди.

Бахмалда 2026 йилда 1,5 минг гектар эски боғларга фақат сертификати бор кўчатларни экиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Буни қўллаб-қувватлаш учун аҳоли ва фермерларга кўчат сотиб олиш харажатининг ярми қоплаб берилади.

Бундан ташқари, тумандаги боғдорчилик хўжаликлари учун яна бир қатор янгиликлар эълон қилинди.

Хусусан, интенсив боғ ташкил қилишда 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 14 фоиздан кредит берилади. Меванинг турига қараб, шпалерлар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади.

Шунингдек, музлаткичли омборлар учун кредит фоизини асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисми қоплаб берилади. Мева-сабзавот экспортчилари ва боғбонларга ҳам қадоқлаш харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун Савдони ривожлантириш компаниясидан субсидия тўланади.

Умуман, келаси йили боғдорчилик бўйича Бахмалда тажриба мактаби яратилиб, ушбу имтиёзлар бутун республикада жорий қилинади.

Аниқ маҳсулот экиш шарти билан аукционга чиқарилган 10 минг гектар ер бир йилдан буён сотилмаётгани қайд этилди. Шу боис, кейинги йилдан бошлаб экин ерларини ижарага беришнинг янги тизими жорий қилинади.

Эндиликда ерни ижарага олган деҳқон унга нима экишини ўзи мустақил ҳал қилади. Шунингдек, аукционда такрорий савдога қўйилган ерларнинг бошланғич нархи 10 фоизгача пасайтирилади.

Ер ижарасидан тушган маблағлар тўлиқ саноатлашган боғларга сув, электр, йўл тармоқларини тортиш каби инфратузилма объектлари учун сарфланади.

АҚШлик ҳамкорлар билан Зоминда парранда бўйича йирик наслчилик корхонаси ташкил қилинмоқда. Ушбу кластерда 100 минг бош қувватдаги биринчи наслли она товуқ ва 9 миллион дона инкубацион тухум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Бу уникал лойиҳа республикада паррандачиликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid