Сирдарёда давлат тили бўйича камчиликлар сабаб бир ҳоким маслаҳатчиси ишдан олинди
Ўн олти нафар масъул эса огоҳлантирилди. Барча ҳокимликлар ва ташкилотларга бир ҳафта ичида иш юритиш ҳужжатларини тўлиқ лотин ёзувига ўтказиш топширилди.

Сирдарёда давлат тилида иш юритишдаги камчиликлар сабаб бир туман ҳокими маслаҳатчиси ишдан олинди, 16 масъул эса огоҳлантирилди.
Бу ҳақда Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши қарорида айтилади.
Унга кўра, вилоятда давлат тили бўйича 2025 йилги мониторингда 2 мингга яқин қоидаларга зид ёзувлар аниқланди, ҳокимликларга қатъий муддат белгиланди.
Кенгаш қарорига кўра, 2025 йил давомида “e-qaror” платформаси орқали келиб тушган жами 6048 та ҳужжатнинг имло, грамматик ва услубий талабларига риоя этилганлик даражаси ўрганилган. Шундан 43 та ҳужжат лингвистик экспертизадан ўтказилган. Давлат тилида иш юритиш ҳолатини баҳолаш учун вилоятдаги турли ташкилотларда 17 та мақсадли текширув ўтказилиб, натижалар ҳоким ҳузурида танқидий муҳокама қилинган.
Ташқи реклама, пешлавҳа ва бошқа ахборот воситалари бўйича ўтказилган мониторинг давомида 1950 та қонун талабларига зид ёзув аниқланган. Улар орасида 210 та пешлавҳа, 974 та реклама баннери ва 766 та бошқа турдаги матнлар бор. Олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 1695 таси бартараф этилган.
Кенгаш қарори билан вилоятдаги барча ҳокимликлар ва ташкилотларга бир ҳафта ичида иш юритиш ҳужжатларини тўлиқ лотин ёзувига ўтказиш топширилди. Шунингдек, тижорат банклари ва меҳмонхоналарда шартномалар, тўлов қоғозлари ва бошқа ҳужжатлар фақат ўзбек алифбосида расмийлаштирилиши шартлиги белгиланди. Туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳудуддаги пешлавҳа, реклама ва йўл кўрсаткичларини қонунчилик талабларига мослаштириш, дарахт ва симёғочлардан ноқонуний реклама қолдиқларини олиб ташлаш бўйича ҳам чоралар кўради.
Реклама фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга “Давлат тили ҳақида” ва “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари етказилиши, тилшунос мутахассисларсиз реклама маҳсулотлари тайёрланишига йўл қўйилмаслиги белгиланган. Шу билан бирга, “Milliynom.uz” платформасидан фойдаланиш бўйича тарғибот кучайтирилади.
Қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан қатъий чоралар кўриш вазифаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳудудий бошқармасига юклатилди.
Вилоят телерадиокомпанияси ва “Янги Сирдарё” газетаси эса давлат тили бўйича амалга оширилаётган ишларни мунтазам ёритиб боради.