Бюрократияга қарши дастурнинг асосий вазифалари белгиланди
Дастур 2026 йил 1 январдан ишга тушади. Ҳар йили "Бюрократияни бартараф этиш” миллий мукофот танлови ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Президент "Давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида" фармонни имзолади.
Унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат бошқарувини рақамли трансформация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратилган “Бюрократияни бартараф этиш – 2030” дастури ишга туширилади ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
- давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш орқали фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;
- тадбиркорликни рағбатлантириш, мамлакатнинг хорижий инвестициялар учун жозибадорлигини ошириш;
- рақамли бошқарув ва давлат бошқаруви соҳаларида мамлакатимизнинг ижобий имижини шакллантириш;
- ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва жараёнларнинг шаффофлигини ошириш орқали суиистеъмолчилик хавфини камайтириш.
Дастурнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш мақсадида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳузурида лойиҳа офиси ташкил этилади ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
-Дастурни муваффақиятли амалга ошириш масалалари бўйича хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
- Дастур доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга киритиш;
- ҳар йил якунида вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда – давлат ташкилотлари) томонидан давлат бошқарувида бюрократияни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигини баҳолаш, эълон қилиш ҳамда давлат ташкилотлари ва ташаббускорларни рағбатлантириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиш.
Ҳар йили "Бюрократияни бартараф этиш” миллий мукофот танлови ўтказилади.