2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,6 фоизга ўсиши прогноз қилинди
Давлат бюджети ва солиқ сиёсати лойиҳаси (бюджетнома) эълон қилинди. Давлат қарзи эса ЯИМга нисбатан 35 фоиз атрофида шаклланиши мумкин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети ва солиқ сиёсати лойиҳасини эълон қилди.
Миллий прогнозларга кўра, давом этаётган мураккаб геосиёсий ва ташқи иқтисодий вазиятларга, шунингдек, дунёнинг ривожланган давлатлари савдо сиёсатидаги тебранишларга қарамасдан Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш прогнозлари қайта кўриб чиқилганда, 2025 йилда 7 фоиз, 2026 йилда 6,6 фоиз, 2027 йилда 6,8 фоизни ва 2028 йилда 6,9 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Бунда, саноат маҳсулотларининг ўсиш суръати 2026 йилда 6,4 фоизни, 2027 йилда 6,7 фоизни, 2028 йилда 6,9 фоизни, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 2026 йилда 4,2 фоизни, 2027-2028-йилларда 4,3 фоизни, бозор хизматларининг ўсиш суръати 2026 йилда 14,5 фоизни, 2027 йилда 14,3 фоизни, 2028 йилда 14,4 фоизни ташкил этиши мумкин.
Қурилишда ўсиш суръати 2026 йилда 10,2 фоизни, 2027 йилда 8,3 фоизни, 2028 йилда 8 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,4 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 26,1 фоиз, харажатлари 567 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 28,7 фоиз, шунингдек давлат дастурларини молиялаштириш учун депозитлар ва ссудалар 8,2 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида прогноз қилинмоқда.
Давлат қарзини хавфсиз даражада сақлаш ва самарали бошқариш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида ўрта муддатда давлат қарзи ЯИМга нисбатан 35 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
Аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ҳар йилги инфляция даражасидан юқори миқдорларда ошириб бориш кўзда тутилган.
Автомобилсозлик саноатида енгил автомобильлар ишлаб чиқариш ҳажмлари 1,5 баробаргача оширилиб, 700 минг донага етади.
Электр энергетикаси тармоғида янги 11,7 ГВТ қўшимча қувватлар яратилади. Бунда, 2 ГВТ фотоэлектр станциялари, 5,4 ГВТ шамол электр станциялари, 3,7 ГВТ ДХШ асосидаги замонавий иссиқлик электр станциялар, 560 МВТ электр энергияси сақлаш тизими қувватлари ишга туширилиши ҳисобига 2028 йилга бориб жами электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 108,5 млрд КВТ соатга етказилади.
Бундан ташқари, энергия сарфи юқори бўлган иссиқлик электр станцияларида 3,2 ГВТ қувватдаги эски энергия блоклари босқичма-босқич консервация қилинади, шундан, жорий йилда 1 ГВТ, 2026 йилда 160 МВТ қувват фойдаланишдан чиқарилади.