Бу мақолани ўқиш тақиқланади
Биз ҳозир бевосита босим иш бермайдиган даврда яшаяпмиз. Одамлар калондимоғларча берилган буйруқлар, шиорлар, ўзига сингдириладиган фикрлар ҳамда тарғиботдан чарчаган.

Фарзанд тарбиясидек масъулиятли вазифа зиммасига тушган ота-оналар, вақт ўтиши билан бир қонуниятни англаб етишади. Болаларга бирор ишни “қил” деб буюришдан кўра, “қилма” ёки “буни қила олмайсан(ми)” дейиш яхшироқ самара беради. Айниқса, табиатан қайсар ва ўз норозилигини изҳор қилиш учун, айтилган ишнинг тескарисини қилишни хуш кўрадиган болаларга бундай ёндашув тезроқ натижа беради.
Бу усулни катталарда ҳам синаб кўриш мумкин. “Тақиқланган мева ширин бўлади” деганларидек, одамларнинг нафсонияти ва ҳиссиётидан фойдаланиб манипуляция қилувчилар бу усулдан унумли фойдаланишади. “Наҳотки бу қўлингиздан келмайди?”, “Йўқ, сиз бу ишни қила олмайсиз, лекин фалончи қила олади” дейиш аксарият одамларни айни шу ишни қилишга, ўзининг “аҳмоқ ва ожиз эмаслигини”, “фалончидан кам эмаслигини” исботлашга ундайди.
Инсоният руҳиятига бундай таъсирни реверсив (тескари) психология деб аташади. Аслида бу атама илмий эмас, кўпинча маиший термин. Бироз олдин кетиб айтиш керакки, бу усулга “лаққа” тушадиганларни, айрим психологлар, асосан иродаси суст ва узоқни кўра олмайдиган ёки содда одамлар тоифасига киритишади.
“Буни қилма” дейиш – “буни қил” дейиш билан баробар
Биз ҳозир бевосита босим иш бермайдиган даврда яшаяпмиз. Одамлар калондимоғларча берилган буйруқлар, шиорлар, ўзига сингдириладиган фикрлар ҳамда тарғиботдан чарчаган. Шунда реверсив психология усули ёрдам беради. Бу – сеҳр ёки гипноз эмас, бу – инсоннинг руҳий қаршилик кўрсатиш хусусиятидан унинг ўзига қарши фойдаланиш усулидир.
Реверсив психология реактив қаршилик психологик назариясига асосланади. Бундай реакция одамларда уларнинг эркинлигини чеклайдиган бирор нарса борлигини тушунган пайтда юзага келади. Бу ўринда чекловчи субъект – бошқа инсон, бирор ҳаракат ёки қоидa бўлиши мумкин. Реактив қаршиликни ҳис қилган одамлар, одатда, йўқолган эркинликни гўёки тиклашга ва чекловчига қарши бирор чора кўришга ҳаракат қилади. Яъни, одамга бирор ишни қилиш шартлиги айтилса-да, аслида ундан “тескари” ҳаракат кутилади. Бу суҳбатдошга керакли қарорни гўёки “ўзи” қабул қилиш имкониятини беради.
Реверсив психологиянинг илмий ўрганилиши
“Реверсив психология” атамаси биринчи марта ХХ аср ўрталарида америкалик хулқ-атвор психологлари томонидан қўлланилган.
Унинг моҳияти оддий: одамлар қарор қабул қилишга мажбур бўлишдан кўра, ўзлари қарор қабул қилгандек ҳис қилганида– бирор нарса қилишга рози бўлиш эҳтимоли кўпроқ бўлади.
Шунинг учун ҳам болага: “Ўйинчоқларингни ўзинг йиғиштира олмас экансан-да...” десангиз, улар дарҳол бунинг аксини исботлашга шошилади. Психологлар буни “психологик реакция” деб аташади.
Реверсив психология атамаси 1966 йилда Жек Брем томонидан киритилган. Унинг тадқиқотлари шуни кўрсатдики, инсоннинг танлаш эркинлиги қанчалик чекланган бўлса, уни қайта тиклашга интилиши шунча кучли бўлади, ҳаттоки бу иши унинг ўз манфаатларига зид бўлса ҳам. Яъни “айтганингни қилмаяпман, ўз билганимча иш тутяпман” демоқчи бўлади.
Реверсив психологиянинг таъсир механизми
Инсон – мағрур мавжудот. Ҳамма инсон табиатан ҳур бўлиб туғилади. Бировларга қарамликка кўниш – инсон табиатига зид.
Биз ўзимизни назорат қилиш ҳиссини қадрлаймиз. Кимдир “сен шундай қилишинг керак” деса, ичимизда “Нега мен шундай қилишим керак?” деган яширин норозилик пайдо бўлади.
Психолог Брем 1966 йилда ўтказган бир тажрибада талабаларга лабораториядан маълум бир китобларни олиш тақиқланган. Бир ҳафта ўтгач, айнан шу китоблар энг кўп олинган китоблар бўлиб чиқди.
Шунга ўхшаш таъсир маркетингда ҳам кузатилади: агар маҳсулот “тақиқланган” ёки “чегераланган” бўлса, у кўпроқ сотилади, ажиотаж пайдо бўлади. Масалан, Ўзбекистонда монопол мавқега эга автомобил йиғиш компанияси ўз автомобилларини атайлаб чегараланган миқдорда, сунъий танқислик яратиб, нархини ошириб, сунъий навбат ясаб, узоқ куттириб сотади. Бу қарийб чорак асрдан бери ўз самарасини бериб келмоқда. Бу монопол компания автомобилини олиш ҳамма учун осон эмаслиги – уни албатта сотиб олиш сунъий иштиёқини пайдо қилади. Бу автомобилларни сотиб олган одамлар ўзларини бошқалардан кўра “олийроқ”, бахтлироқ ва омадлироқ ҳис қилишади.
Ёки чиркин совет даврини эсланг: “танқис” бўлган ҳамма нарса автоматик равишда “орзу”га айланар эди. Худди шу тамойил бугунги кунда “ТикТок” ва Инстаграмда ҳам иш беради – тақиқланган контент расмий рекламадан кўра тезроқ эътиборни тортади.
Бу усул одамларда “бошқаларга кўрсатиб қўйиш” учун ҳам иштиёқ, ғайрат ва рағбат ҳосил қилганига мисоллар кўп. Айтайлик, бирор мактаб ўқувчисига “ўқиб ким бўлардинг, отанг подачи, онанг тикувчи бўлса..” дейилса, шу ўқувчи бу гапнинг нотўғрилигини, ўзининг кўпроқ нарсаларга қодирлигини исботлаш учун яхшироқ ўқий бошлайди.
Рекламада ҳам реверсив психологиядан кенг фойдаланилади. “Aгар ҳаётингизни ўзгартиришга тайёр бўлмасангиз, бу матнни ўқиманг” дейилса, уни албатта ўқишади. Маркетинг психологлари бу усулдан фойдаланиб, қаршиликни қизиқишга айлантиришади.
Сиёсат ва жамиятда
Реверсив психология сиёсий стратегларнинг севимли қуролидир. Расмийлар мухолиф китоблар, филмлар ёки шиорларни тақиқласа, уларнинг оммавийлиги ошади. Тарихда бунга ўнлаб мисоллар мавжуд.
1960-йилларда Франция ҳукумати “Париждаги сўнгги танго” филми намойишини чеклашга уринди. Бироқ тақиқ уни фақат классикага айлантирди.
СССР рок мусиқасига тўсқинлик қилмоқчи бўлганида, Цой ва “Машина Времени” гуруҳларининг қўшиқлари норозилик рамзига айланди.
Реверсив психологиядан аёллар ўз жуфтларини бошқариш учун ҳам фойдаланишади кўпинча. “Қўлингиздан нима ҳам келарди” қабилидаги истеҳзолардан кейин эр бечора жаҳл устида хотинига тилла узук ва ҳатто машина ҳам совға қилиб юбориши ҳеч гап эмас.
Шу боис, замонавий пи-ар мутахассислари “тақиқланган мева” ҳар қандай рекламадан кўра яхшироқ ишлашини билиб, баъзан атайлаб негатив ҳиссиётлар қўзғатишади.
Чунки оммавий онгнинг парадокси шундай ишлайди: ғояга қарши курашиш
Олимлар ва тадқиқотлар
Психолог Жек Брем биринчи марта бу ҳодисани ўзининг “Психологик реакция назарияси” (1966) китобида тасвирлаб берган.
Кейинчалик, 1980 ва 2000-йилларда унинг ғоялари Стенли Милграм, Роберт Сиалдини ва Даниел Каҳнеман томонидан янада ривожлантирилди. Улар қуйидаги хулосаларга келишди:
- Одамлар ўз танлаш эркинлигини ҳатто ўзига зарар эвазига ҳам ҳимоя қилишга мойил.
- Назорат қанчалик қаттиқ бўлса, қаршилик ҳам шунчалик кучли бўлади.
- Муваффақиятли таъсир қилиш мустақиллик иллюзиясини талаб қилади.
Замонавий тадқиқотчилар (масалан, Шарон Брем, Мирон Цукерман) бу тамойилларни психотерапияда қўллашган. Бу ҳолда реверсив яхшилик учун ишлатилади – бемор буйруққа бўйсунишдан кўра, ўзини ўзгартириш истагини пайдо қилиши муҳимлиги боис, беморга ёрдам бериш учун қўлланилади.
Манипуляция ва бошқа ахлоқий масалалар
Реверсив психологияхудди пичоққа ўхшайди. Пичоқ малакали жарроҳ қўлида – даволаш асбоби бўлади. Қотил қўлида эса аламли ўлимга сабабчи бўлади.
Aгар ота-она ёки психолог реверсив психологиядан мотивация учун фойдаланса, бу яхши. Аммо кимдир бу усулни бошқа инсонга руҳий-ҳиссий босим кўрсатиш учун ишлатса, бу манипуляция ҳамда ахлоқсизлик ҳисобланади.
Психологлар огоҳлантиради: реверсив психологиядан мунтазам фойдаланиш – ишончни йўқ қилади. Натижа расман “ижобий” бўлса ҳам, одам барибир алданганини ҳис қилади.
Абуфайз Сайидасқаров