platina.uz
Сиёсат

Ўзбекистон ва Қозоғистон трансчегаравий сувлардан оқилона фойдаланиш бўйича битим имзолади

Давлат раҳбарлари геология, нодир ер металларини қазиб олиш, трансчегаравий дарёлар оқимини прогноз қилиш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳларни тузишга ҳам келишиб олдилар. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон трансчегаравий сувлардан оқилона фойдаланиш бўйича битим имзолади

Кўксарой қароргоҳида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевга Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари мукофотни топширар экан, Қозоғистон Республикаси Президентининг икки қардош халқ ўртасида дўстлик, яқин қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан шахсий хизматларини алоҳида қайд этди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки халқ ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги тараққиёт даражасига чиқиб, намунали аҳамият касб этгани таъкидланди. Парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар, бизнес, жамоатчилик ва ёшлар фаол ҳамкорлик қилмоқда. Маданий ва гуманитар алмашинувлар кенгайиб бормоқда.

Савдо айланмаси барқарор ўсиб бормоқда. Саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг глобал миқёсда тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш, шунингдек, минтақамизда ишонч, ўзаро ҳамжиҳатлик ва шериклик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбари ва Ўзбекистон халқига бундай юксак мукофот учун миннатдорлик билдирди ҳамда қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва иттифоқчилик руҳидаги муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Самарали музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев Қўшма баёнот имзоладилар.

Шунингдек, давлат раҳбарлари Олий Давлатлараро кенгашнинг геология, нодир ер металларини қазиб олиш, трансчегаравий дарёлар оқимини прогноз қилиш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳларни тузиш ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари раҳбарларининг кенгашини тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилдилар.

Ташриф давомида яна бир қатор ҳужжатлар имзоланди, жумладан:

– Трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги битим;

– Божхона хизмати ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги битим;

– Чегараолди ҳудудларда ерусти радио хизматлари томонидан фуқаролик мақсадларида фойдаланиладиган радиочастоталарни ўзлаштиришни мувофиқлаштириш тўғрисидаги битим;

– Қўшма ҳарбий ўқувларни ўтказиш тўғрисидаги битим;

– Қўшма инвестиция платформасини яратиш тўғрисидаги ҳадли битим;

– 2026-2027 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;

– Адлия вазирликлари ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

– Тоғ-кон саноатида ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум;

– Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва “Ассамблея жастары” жамоат бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум;

– Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида ўзаро англашув меморандуми;

– Тиббий суғурта жамғармалари ўртасида ўзаро англашув меморандуми;

– Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Остона шаҳар ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик битими;

– “Ўзбекнефтгаз” ва “Казмунайгаз” акциядорлик жамиятлари ўртасида ҳамкорлик битими.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid