platina.uz
Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга борди

Давлат раҳбари Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди, Биринчи Президент Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди. Словакия президенти билан музокаралар ҳам ўтказилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга борди

Президент Шавкат Мирзиёев UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 30 октябр куни Самарқандга ташриф буюрди.

Эзгу анъанага мувофиқ, аввало, Имом Бухорий мақбараси зиёрат қилинди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Президентимиз мажмуадаги сўнгги пардозлаш ишлари, ҳудудда амалга оширилаётган ободонлаштириш жараёнлари билан танишди.

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан мазкур мажмуа буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқейи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди.

Мажмуа ҳудуди кенгайтирилиб, айни пайтда унинг умумий майдони 44 гектарга етди. Мўтабар мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қуриб битказилган. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган.

Давлатимиз раҳбари янги масжиддаги бунёдкорликни кўздан кечирди.

Президентимиз ҳар гал Самарқандга келганида мажмуанинг қурилиши жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаганди.

Шу мақсадда янги мажмуада инновацион музей ҳам ташкил этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. Шунингдек, музейда Қуръони каримда исмлари зикр қилинган 25 та пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, Макка ва Мадинадаги ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилган.

Зиёратгоҳ атрофида меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш биноларида ҳам қурилиш ишлари якуний босқичга кирган. Битта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли ва 22 та оилавий уй меҳмонхоналари ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари мамжуа фаолиятини сифатли ташкил этиш, одамларга қулайликларни кенгайтириш, яшил майдонларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Давлат раҳбари Самарқандга ташрифи чоғида Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.

30 октябр куни Самарқанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Президенти Петер Пеллегрини музокара ўтказдилар.

Ўзбекистон билан Словакия ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.

Барча даражаларда икки томонлама алмашинувлар ижобий суръат билан давом этаётгани, шунингдек, устувор йўналишларда ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Жорий йилда сиёсий маслаҳатлашувлар ва Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилди. Ишбилармонлик алоқалари фаоллашди. Қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди.

Товар айирбошлаш ва инвестицияларнинг ҳажмини ошириш, шунингдек, муҳим тармоқларда саноат кооперацияси лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистондан тўқимачилик, чарм, мева-сабзавот ва бошқа харидоргир маҳсулотлар, Словакиядан каучук, автомобильлар учун бутловчи қисмлар, фармацевтика ва бошқа саноат товарлари етказиб беришни кўпайтиришга келишиб олинди. Шу мақсадда миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш, савдо уйларини очиш режалаштирилган.

Рақамлаштиришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Банкларнинг киберхавфсизлик мониторингини юритиш ва юк ташишларни кузатишнинг илғор тизимларини жорий этиш бўйича қўшма марказ ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Словакия бизнеси билан автомобил бутловчи қисмлар, тайёр сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.

Гуманитар ва таълим алмашинувларини фаоллаштириш истиқболлари кўриб чиқилди. 2026 йилда Братислава шаҳрида икки мамлакат ректорларининг биринчи форумини ўтказиш, туризм кўргазмалари ва ўзаро Туризм кунларини ташкил этиш таклиф қилинди. Тартибли меҳнат миграциясини йўлга қўйиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Кўп томонлама майдонларда ўзаро қўллаб-қувватлаш, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid