Садир Жапаров ўлим жазосини қайта тиклашни таклиф этди
Болалар, қизлар ва аёлларга нисбатан жиноятлар учун энг оғир жазо қўлланади. Бир неча кун аввал Қирғизистонда 17 ёшли қизнинг жасади топилганди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров оғир жиноятлар учун ўлим жазосини тиклашни таклиф қилди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Аскат Алагозов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Президент Администрациянинг Ҳуқуқни таъминлаш бўлими раҳбари Мурат Укушевга топшириқ берди. Унга кўра болалар, қизлар ва аёлларга нисбатан жиноятлар учун энг оғир жазо чораларини назарда тутувчи қонунчиликка ўзгартишлар киритиш лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди”, дейилади баёнотда.
Алагозовнинг таъкидлашича, вояга етмаган қиз Айсулунинг ўта шафқатсиз ўлдирилиши бўйича жиноят иши Қирғизистон раҳбарининг шахсан назоратида бўлиб турибди.
Қирғиз нашрларига кўра, 27 сентябр куни Жети-Ўғуз туманининг Барскоон қишлоғида яшовчи 17 ёшли Айсулу Мукашева бедарак йўқолган, кейинроқ унинг жасади Кемин туманида топилган.
Полиция 41 ёшли Бишкек фуқаросини қўлга олди. Сўроқ пайтида эркак қизни ўғирлагани, зўрлагани ва ўлдирганини тан олди.
Қирғизистонда расман 2007 йилда ўлим жазоси бекор қилинганди.