Шавкат Мирзиёев Исмоил Жўрабеков вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди
Жўрабеков Давлат сув назорати бошлиғи, Президент маслаҳатчиси, вазир каби юқори лавозимларда ишлаган.

Президент давлат ва жамоат арбоби Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд шаҳрида ишчи оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида муҳандис-гидротехник мутахассислиги бўйича таълим олди. Меҳнат фаолиятини 1955 йилда Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги 8-жамоа хўжалигида муҳандис-гидротехник сифатида бошлади. Кейинчалик ушбу туманда Суғориш маркази бошлиғи, Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Самарқанд вилояти қурилиш-монтаж бошқармаси бошлиғи, “Сувқурилиш” трести бошқарувчиси, сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, мелиорация ва сув хўжалиги вазири каби масъул лавозимларда меҳнат қилган.
"Ватанимиз истиқлолга эришганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари сифатида давлатимиз мустақиллигининг ижтимоий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз олдида турган ғоят серқирра ва кенг кўламли вазифаларни бажариш йўлида жонбозлик кўрсатди.
Исмоил Жўрабеков Давлат сув назорати бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимларида ҳам самарали фаолият олиб борди.
Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизни амалга оширишда И.Ҳ.Жўрабеков, мўътабар ёшда бўлишига қарамасдан, сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиб, ўзининг бой билим ва тажрибаси, қимматли маслаҳатлари билан соҳани ривожлантириш, ёш кадрларни тарбиялаш ишларида фаол иштирок этди", дейилади ҳамдардлик матнида.
Эслатиб ўтамиз, Исмоил Жўрабеков 2025 йил 28 сентябрда вафот эретганди.