platina.uz
Жамият

Навоийда бир нечта цехлар фаолияти вақтинча тўхтатилди

Улар орасида “Навоийазот” АЖга тегишли цех ҳам бор. Вилоят экология бошқармаси аризаси Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган. 

Навоийда бир нечта цехлар фаолияти вақтинча тўхтатилди

Навоийда экологик вазият сабаб қатор цехлар фаолияти тўхтатилди.

Навоий шаҳридаги экологик вазият шахсан вилоят ҳокимининг назоратига олиниб, масъуллар билан вазият қайта-қайта жойига чиқиб ўрганилди.

Навоий вилояти ҳокими бошчилигида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят прокуратураси, ИИБ, Миллий гвардия ва мутасадди ташкилот вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи тузилган. Улар томонидан жойлардаги саноат корхоналари фаолияти ўрганилди, Экология қўмитаси ва Фанлар академиясидан олимлар чақиртирилиб, ўзаро илмий ёндашган ҳолда фикрлашиш йиғилишлари ўтказилди.

Тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилиб, иш судга оширилди.

Навоий вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг аризаси Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилиб, “Навоийазот” АЖга тегишли 23-цех ҳамда "Навоий Согда кимё заводи"нинг бир қанча цехлари фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор чиқарилди.

Шунингдек, Кармана туманида ўтказилган ўрганишлар натижасида атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилганлиги аниқланган, ноқонуний тарзда фаолият юритиб келаётган оҳак пишириш хумдонлари юзасидан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий иш қўзғатилиб, белгиланган талаблар бажарилмаганлиги учун тумандаги 28 та хумдон бузиб ташланди.

Август ойи бошида ҳам Навоийда ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўлаётган ўнлаб корхоналар вақтинча ёпилганди.

Ушбу корхоналарга 10 кунлик муддат берилганди. Камчиликларини бартараф этмаган 19 та корхоналарни фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid