Қирғизистон парламенти тарихда илк бор ўзини ўзи тарқатиб юборади
Аслида парламент сайловлари 2026 йил бўлиши керак эди. 2027 йил эса президент сайловлари бўлиб ўтади.

Қирғизистон парламенти тарихда биринчи марта ўзини ўзи тарқатади.
Жогорку Кенешнинг (парламент) Конституциявий қонунчилик қўмитаси парламентнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ташаббусини маъқуллади, деб хабар беради 24.kg нашри.
Депутат Улан Примовга кўра, сайловни 2026 йилда эмас, 2025 йилда ўтказиш сиёсий хавф-хатарлардан халос бўлиб, ҳокимият тармоқлари фаолиятида барқарорликни таъминлайди. Парламентда ташаббусни қўллаб-қувватловчи 32 нафар имзо тўплаган.
Депутатнинг таъкидлашича, ўз-ўзини тарқатиб юбориш қарори мамлакат тарихида биринчи бўлади.
“Кетма-кет икки сайлов кампаниясини — парламент ва президентлик кампаниясини ташкил этиш тизимга ҳаддан ташқари юк бўлиб, хато ва қонунбузарликларга олиб келиши мумкин”, — дея қўшимча қилди у.
Муҳокама якунлари бўйича қўмита аъзолари таклифни қўллаб-қувватладилар ва ҳужжат кўриб чиқиш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга юборилди. Улар якуний қарор қабул қилинадиган йиғилиш санасини белгилайдилар.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилги парламент сайлови натижалари сабаб юз берган намойишлар мамлакатда ҳокимият алмашинувига олиб келганди. Ўшанда амалдаги президент Сооранбай Жээнбеков истеъфо берганди.