platina.uz
Иқтисод

2026 йилда маҳаллалар ва тадбиркорлик учун 400 миллион доллар ажратилади

Шавкат Мирзиёев Намангандаги халқаро форумда нутқ сўзлади. “Рақамли авлод қизлари” дастури доирасида 50 минг нафар қиз ахборот технологиялари, сунъий интеллектга ўқитилади. 

2026 йилда маҳаллалар ва тадбиркорлик учун 400 миллион доллар ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирокидаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” халқаро форумининг очилишида нутқ сўзлади.

Ҳозирда мамлакатимизда еттита устувор йўналишни ўз ичига олган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилмоқда.

Энг аввало, камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда.

Қулай ишбилармонлик муҳити ҳисобига ўтган саккиз йилда 700 минг тадбиркор ўзининг барқарор бизнесига эга бўлди.

Ҳар бир камбағал оилада камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун имтиёзли таълим кредити ва давлат грантлари кўпайтирилади.

Халқаро стандартлар асосида Касбга тайёрлаш халқаро марказлари ташкил этилиб, уларнинг битирувчиларига хорижда тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади.

Хотин-қизларга олийгоҳда ўқиш учун фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш тизими жорий этилди. Бугун талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда, шу йилнинг ўзида 1 миллион 700 минг аёл ишли бўлди.

Буни давом эттириб, “Рақамли авлод қизлари” дастури доирасида 50 минг нафар қизлар ахборот ва молия технологиялари, сунъий интеллектга ўқитилади.

Келгуси йилда маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 миллион доллар ажратилади. 32 та туман ва 328 та оғир маҳалла танланиб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid