Ховос тумани ҳокимига ҳайфсан берилди
Бунга тумандаги мактабда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги бўйича мақола сабаб бўлди. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудирига ҳам чора кўрилди.

Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокимига ҳайсан берилди, яна қатор амалдорларга жазо қўлланилди.
Тумандаги 9-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақидаги мақола вилоят раҳбари ҳузурида атрофлича муҳокама этилди.
Муҳокамада ҳокимлик мутасаддилари, масъул ташкилотлар ва мактаб вакиллари иштирок этди. Жумладан, туман ҳокими У.Йўлдошев, туман ҳокимининг ўринбосари А.Расулов, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири в.б. Р.Элчиев, 9-мактаб директори Д.Қодирбердиев ҳамда ушбу мактабнинг математика фани ўқитувчиси Ф.Муртозоқулов ўз фикр ва изоҳларини билдирди.
Жараёнда мактаб директори таълим муассасасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини тезкор ташкил этиш мақсадида ташаббус кўрсатганини, бу жараён ўқитувчилар розилиги асосида ҳашар шаклида амалга оширилганини маълум қилди.
Шунингдек, у мактабга яқинда раҳбар сифатида тайинланганини, муассасада соғлом муҳит тўлиқ шаклланмаганини, гуруҳбозлик ҳолатлари кузатилаётганини ва дарс тақсимоти бўйича мурожаатчи томонидан эътирозлар билдирилганини баён этди, дейлади хабарда.
Муҳокама якунида иш берувчи томонидан туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири в.б. Р.Элчиевга интизомий жазо берилиши ҳамда 9-мактаб директори Д.Қодирбердиевнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши белгиланди.
Шу билан бирга, туман ҳокими У.Йўлдошевга таълим муассасаларида етарли назорат ўрнатмаганлиги ва зарурий тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бормаганлиги учун “ҳайфсан” интизомий жазоси берилди.