Қобулжон Аҳмедов ПА ҳузуридаги контент марказга раҳбар бўлди
Марказнинг асосий вазифаси давлатнинг ахборот сиёсатини белгилайди ва унга жавобгар бўлади.

Ўзбек медиа менежери Қобулжон Аҳмедов Президент администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказига директор этиб тайинланди.
Ҳусан Салихов ва Жаҳонгир Абдураҳмонов марказ директори ўринбосарлари лавозимига тайинланди.
Қобулжон Аҳмедов 2022 йилдан буён “Менинг юртим” телеканали бош директори сифатида фаолият юритиб келади. Шунингдек, “Ёшлар” ижодий бирлашмаси директори этиб ҳам тайинланган. Ушбу бирлашмага “Ёшлар” телеканали ва радиоси ҳамда “Наво” телеканаллари қарайди.
У 1984 йил 13 майда Фарғона вилояти Бағдод туманида таваллуд топган. 2004 йилда Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факултетини битирган. Фаолиятини Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясида амалиётдан бошлаган. Кейинроқ "ЎзЭОАВМА Ахборотномаси" журнали бош муҳаррир сифатида ишлаган.
2005-2006 йилларда Ўзбекистон нодавлат телекомпаниялар телетармоғи (ЎзНТТ) муҳаррири сифатида республикада биринчи марта ташкил этилган телетармоқнинг ижодий концепциясини тузиш, дастурлар жадвалидан ўрин оладиган маҳсулотларнинг амалдаги қонунчилик меъёрлари талабига ҳамда ўзбек халқининг азалий қадриятлари, урф-одатлари, миллий менталитетига мос эканини таъминлашга эришган.
2006-2008 йилларда Нодавлат электрон оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори ўринбосари, кейинчалик директор вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.
2008 йилда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг ижрочи директори этиб сайланган. Унинг раҳбарлигида ассоциация барча йирик лойиҳа ва тадбирларини ташкил этиш, давлат сиёсати нодавлат телерадиоузатувчилар томонидан кенг тарғиб қилиниши, давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда, ҳукумат, вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликни таъминлашда катта ҳисса қўшгани айтилади.
2010 йилда Ўзбекистон нодавлат телекомпаниялари телетармоғи (ЎзНТТ) бош муҳаррири сифатида нодавлат телерадиоузатувчилар соҳасида амалга оширилган лойиҳалар, грант танловлари, семинар-тренинглар натижасини эфирда ёритиб, у орқали барча ҳудудий телестансиялар эфири сифатли контент билан таъминлаган.
2010-2014 йилларда "Даракчи" газетасида масъул котиб, кейинчалик директор лавозимларида фаолият юритган.
2014-2016 йилларда "Доно нашриёти"даги фаолиятида болалар учун мўлжалланган "Доно Wоrd", "Билимдон", "Знайка", Excellent журналларини тайёрлаш ва чоп этиш билан шуғулланган.
2016-2017 йилларда Dono Productions МЧЖга раҳбарлигида афсонавий ўзбек режиссёри, Ўзбекистон халқ артисти Шуҳрат Аббосовнинг "Маҳаллада дув-дув гап" филмининг замонавий талқинини суратга олган. Унинг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кўрсатиш, миллий урф-одат, қадриятлар, миллий таомларимизни ўзида акс эттирган "Мафтун бўлдим" (Мафтун бўлдим сенга, Ўзбекистон!) бадиий филми суратга олинган.
2017 йилда Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали лойиҳасига раҳбарлик қилган.
2018-2020 йилларда "Менинг юртим" – МY5 телеканали бош директори сифатида ишлаган. 2019 йил каналнинг "Марказий студия" дастури "Олтин қалам" халқаро танловининг телевидение йўналишида биринчи ўринни қўлга киритган.
2018 йил 20 сентябрдан Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси ўринбосари – бош директори вазифасини бажарувчи сифатида ҳам ишлаган.
2019-2020 йилларда ЎзМТРК "Ёшлар" телерадиоканали АЖ ижрочи директори бўлган.
2020-2021 йилларда Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппарати Давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида ишлаган.
2022 йилдан ҳозирги кунга қадар "Менинг юртим" телеканали бош директори бўлиб фаолият юритмоқда.
Қобулжон Аҳмедовнинг бевосита ташаббуси, масъуллиги ва раҳбарлигида "Озод юрт тўлқинлари" анъанавий медиа фестивали, Ижтимоий медиа-маҳсулотлар фестивали, Маслаҳат маркази, Ёшлар студияси лойиҳалари, "Мен нечун севаман Ўзбекистонни?!" ўқувчилар иншолар танлови, "Мафтун бўлдим" (режиссёр Абдувоҳид Ғаниев) ва "Яна маҳаллада дув-дув гап" (режиссёр Шуҳрат Аббосов) бадиий филмлари, "Юлдузча" ва "Мен юлдузман" мусиқий телевизион танловлари, "Мажнунтол" муаллифлик қўшиқлари ва гитара фестивали, "Ёш журналистлар мактаби", ёшларга оид давлат сиёсатини тарғиб қилувчи Ижтимоий роликлар танлови, Мини грантлар танлови, "Журналист" кўп қисмли телевизион сериали муваффақиятли амалга оширилиб келинмоқда.
Қобулжон Аҳмедовнинг ташаббуси билан хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имиджини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматининг ўзбек ёшларига муносабатини кўрсатиш мақсадида хорижий оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган ҳолда, туркум материаллар чоп этилмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи арафасида Novastan.org сайтида, Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Регнум ахборот агентлигида мақолалар эълон қилинган.
Ёшлар иттифоқи делегацияси таркибида Туркияга бўлган хизмат сафари чоғида TRT WORLD телеканали, Берлин сафари давомида Германия, Ҳиндистон, Эрон каби қатор давлатлар ижодкорлари билан алоқалар ўрнатилган.