Президент ШҲТда ядро хавфсизлиги бўйича декларация қабул қилишни таклиф этди
Ўзбекистон раҳбари ташкилот институтлари самарадорлигини ошириш ва уни глобал Жануб давлатлари ҳисобига кенгайтириш лозимлигини ҳам айтди.

Шавкат Мирзиёев ШҲТ йиғилишида янги ташаббуслар билан чиқди.
Тяньцзин шаҳридаги ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев ташкилотнинг сиёсий асосларини мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан:
— ШҲТ институтлари самарадорлигини ошириш ва уни Глобал Жануб давлатлари ҳисобига кенгайтириш;
— Ядро хавфсизлиги бўйича декларация қабул қилиш, Ички ишлар вазирлари кенгаши фаолиятини қайта тиклаш, 2030 йилгача гиёҳвандликка қарши кураш дастурини тайёрлаш, «ШҲТ–Афғонистон» мулоқот гуруҳи фаолиятини фаоллаштириш;
— Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битимни имзолаш, Стратегик материаллар бўйича минтақавий марказ, Энергетика консорциуми, Венчур компаниялар ва жамғармалар тармоғи ҳамда Махсус электрон инвестиция порталини ташкил этиш;
— Шимол–Жануб ва Шарқ–Ғарб йўналишларида транспорт-транзит йўлакларини ривожлантириш, «ШҲТ ягона транспорт макони»ни шакллантириш ва уни «Бир макон, бир йўл» ташаббуси билан уйғунлаштириш;
— Иқлим ўзгаришига мослашиш, декарбонизация ва экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган ШҲТ минтақавий платформасини ишга тушириш;
— Халқ ижодиёти халқаро фестивалини ўтказиш, «ШҲТ университети» онлайн кампусини ташкил этиш, талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ҳамда олимпиадалар ўтказиш, шунингдек, «Сайёҳлик йўлаги» ва "Тиббиёт туризми альянси" лойиҳаларини амалга ошириш.
Саммитнинг муҳим якунларидан бири сифатида ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси асосида Тошкент шаҳрида доимий фаолият юритадиган орган — ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича Универсал марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Унинг ҳузурида ШҲТ Ахборот хавфсизлиги маркази ҳам тузилади. Ушбу қарор хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади.
Аввалроқ президент ШҲТнинг норасмий саммитида қатнашганди.