Дунёдаги йўл белгилари: йўлларнинг махфий тили
1909 йилда Парижда бўлиб ўтган халқаро анжуманда илк универсал йўл кўрсаткич белгилари тасдиқланди. Улар дастлаб атиги тўртта эди.

Бугун йўлларда транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракатини тартибга солувчи, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилиши ва хафсизликни таъминлашга хизмат қилувчи йўл белгилари нисбатан яқин ўтмишда пайдо бўлган.
Лекин қадимги Рим даврида ҳам йўл бўйларига «милиарий» деб аталган тош устунлар қўйилар эди — улар Римгача бўлган масофани кўрсатган. Бу тўлиқ йўл белгиси бўлмасада, йўлларда саёҳатчилар учун қулайлик ифодаси эди. Кейинчалик эса йўл четини белгилаш учун тош устунлар ўрнатилган бўлиб, улар қор ва туман пайтида тўғри ориентация олишга ёрдам берган.
XIX асрда велосипед кенг тарқалиши билан, велосипедчилар клублари йўл четларига кўтарилиш ва кескин бурилишларда огоҳлантирувчи белгилар қўйишни бошлаган. Йўлларда автомобиллар пайдо бўлиши эса бутунлай янги “алифбо”ни талаб қилди.
1909 йилда Парижда бўлиб ўтган халқаро анжуманда илк универсал йўл кўрсаткич белгилари тасдиқланди. Улар атиги тўртта: «йўл кесишмаси», «бурилиш», «асосий йўл», ва «темир йўл» белгилари бўлган. XX асрда йўл белгилари секин-аста стандартлашди, 1968 йилдаги Вена конвенцияси эса кўплаб давлатлар учун умумий шакл, ранг ва мантиқий тизимни белгилаб берди.
Нега турли қитъаларда белгилар фарқ қилади?
Америка матнларни яхши кўради, Европа эса пиктограммаларни. АҚШ ва Канадада кўп ҳолларда суратли белги ўрнига катта ёзувлар ёзилади: SLOW, SPEED LIMIT 55, WRONG WAY. Европада эса тасвир асосий ўринда: оҳу сурати — йўлдан ҳайвон чиқиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради, белкурак кўтарган одам сурати — йўлда таъмирлаш ишлари кетаётганини англатади.
Шакллар ҳам маълум бир маъно ифодалайди. Масалан, саккизбурчак — STOP ҳар қандай об-ҳавода, ҳатто қорда ҳам танилади. Тескари тўнтарилган учбурчак — «Йўл беринг» ёки асосий йўлга чиқишни билдиради. Думалоқ шакл — тақиқ ёки чеклов бўлса, кўк айлана — Европа учун таъкидловчи ишора ҳисобланади.
Ранглар ҳам ўз «сигнали»га эга: қизил — тақиқ, сариқ — огоҳлантириш, кўк/яшил — рухсат. Лекин фарқлар ҳам бор: Буюк Британияда автомагистралларда кўк йўлкўрсаткичлар, АҚШда эса яшил белгилар одатга айланган.
Йўл белгиларида миллий характер
Йўл белгилари халқнинг маданиятини ҳам кўрсатади. Европа иттифоқида асосий мақсад — «сўзсизлик», яъни ҳар бир сайёҳ тил билмаса ҳам тасвирни тўғри тушуна олишига эътибор қаратилади. АҚШда эса инглиз тилидаги матнли ёрлиқлар асосий ўринда. Японияда белгилар аниқ, минималистик ва иероглифлар билан ёзилган.
Австралия ва Янги Зеландия маҳаллий колоритни ёқтиришади: «Эҳтиёт бўлинг: кенгуру!», «Киви йўлда». Скандинавияда — оҳу ва буғу белгиси, Жанубий Африкада эса ҳатто «Эҳтиёт бўлинг: гиппопотамлар» каби белгилар бор.
Вена эса бир пайтлар Евровидение муносабати билан йўл белгисига турли жуфтликлар (шу жумладан, бир жинсли) тасвирини жойлаштириб, шаҳар толерантлигини намоён қилган.
Сайёҳларни жалб этувчи йўл белгилари
Уэльсдаги дунёдаги энг узун жўғрофий топоним Llanfairpwllgwyngyll… йўл кўрсатгичи — сайёҳлар учун суратга тушиш жойига айланган.
Австралиянинг Филлип оролидаги «Penguin Crossing» — “пингвинлар йўлдан ўтади!” белгиси жиддий равишда пингвинларга йўл беришни талаб қилади.
Исландияда — шамол ҳақидаги белгиларда машинанинг йўлдан учиб кетаётгани акс этган.
Швейцария Алпларида — қор кўчкиси хавфи белгиси, тоғлардаги йўллар учун оддий ҳол.
Технологиялар белгиларни қандай ўзгартираяпти?
Технологик тараққиёт йўл кўрсаткичлари қиёфасини ҳам ўзгартирмоқда. Масалан, электрон таблолар (VMS) тирбандлик, авария ва чекловлар ҳақида реал вақтда хабар беради.
Радарли табло эса машина тезлигини кўрсатади, тезликни оширсангиз таблода «хафа» смайлик пайдо бўлади, меъёрида юрсангиз «кулган» смайлик чиқади.
Ёруғлик қайтарувчи ва қуёш панелли белгилар тунда ҳам аниқ кўриш имконин беради.
Автомобилдаги сенсорлар эса йўл белгиларини “ўқиб”, салондаги мониторда ҳам акс эттиради.
Миямиз йўл белгиларини қандай қабул қилади?
Табиатан, одам мияси аввал шакл ва рангни, сўнгра эса ёзувни пайқайди. Шу боис STOP белгиси саккизбурчак, «Йўл беринг» белгиси эса учбурчак шаклида қабул қилинган. Пиктограммалар кўпинча сўзсиз тушунилади, лекин уларга маданий анъаналар ва миллий менталитет ҳам жо қилиниши мумкин.
Йўл белгиларини тасдиқлашда гендерга оид баҳслар ҳам бўлади. Айрим давлатларда йўловчи белгисида «юбкали» аёл қиёфаси, бошқаларида эса унинг замонавий муқобиллари қўлланилади.
Энг ғалати ва қизиқарли белгилар
Янги Зеландияда «Бир йўлли кўприк» белгиси — ҳайдовчиларни навбат билан ўтишга ўргатади. Исландияда шамол ёки тош йўл ҳақидаги белгилар мавжуд. Ҳиндистон ва Непалда «HORN OK PLEASE» — ҳайдовчилардан сигнал чалишни талаб қилади.
Айрим жойларда юмор ҳам бор: АҚШда «Айиқларни овқатлантирманг — улар семиз ва ялқов», Англияда эса «секинроқ ўтинг: қўйлар сиёсатни муҳокама қилишяпти» каби белгилар мавжуд. Айрим жойларда эса жарлик четидаги йўл белгисига “Учишни ўрганасиз” деб ёзилган.
Қайси белгилар кўпроқ инкор қилинади?
Кўп белгилар бир жойга тўпланса, одам мияси уларни филтрлайди. Шунга биноан, замонавий йўлсозликда ортиқча белгиларни ўрнатмасликка ҳаракат қилишади. Энг муҳимлари — тезлик чеклови, мактаб олдидаги белгилар ва темирйўл белгиларини қўшимча равишда ёруғлик, «ётган полициячи» каби усуллар билан кучайтиришади, одатда.
Вена конвенцияси ва унга риоя этилиши
1968 йилдаги Вена конвенцияси йўл белгилари учун умумий стандарт яратди. Европа, Осиё ва Африканинг кўп қисми унга амал қилади. АҚШ, Канада, Австралия эса ўз стандартларига эга (MUTCD), лекин умумий маъноларда фарқ кам: STOP ҳамма ерда саккизбурчак, огоҳлантириш эса кўпинча сариқ ромб ичида бўлади.
Келажак: автоном машиналар даврида белгилар
Автомобиллар ҳозирнинг ўзида белгиларни ўқияпти. Лекин ҳозирги қиёфадаги йўл белгилари ҳали узоқ йиллар сақланиб қолади. Чунки ҳамон одам омили ҳайдаш жараёнида иштирок этмоқда, техника ишдан чиқиши ҳам мумкин. Пиёдалар ва велосипедчилар эса ҳамон йўл белгиларини ўз кўзи билан кўришга муҳтож. Лекин келажакда йўл белгилари ўзига хос рақамли маёққа айланади, AR (қўшимча реаллик) эса автомобил олд ойнасига виртуал ҳамда шаффоф белгиларни чиқаради.
Шу боис таъкидлаш мумкинки, йўл белгилари — шунчаки зерикарли ва мураккаб «тахтачалар» эмас, балки давлат, маданият ва технологиянинг уйғунлашган тилидир. Улар қадимги тош устунлардан бошланиб, глобал стандартларга айланди ва энди рақамли келажак сари дадил қадам ташлаяпти.
Абулфайз Сайидасқаров