platina.uz
Сиёсат

Ўзбекистон ва Иордания етакчилари Самарқандда музокара ўтказдилар

Ушбу ташриф икки томонлама ҳамкорликни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди. Иордания подшоҳи Шавкат Мирзиёевни ўз мамлакатига таклиф этди.  

Ўзбекистон ва Иордания етакчилари Самарқандда музокара ўтказдилар

Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг музокаралари бўлиб ўтди.

Сиёсий мулоқот ва маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Гап нима ҳақида?

Учрашув аввалида Иордания Подшоҳи давлатимиз раҳбарига ташриф билан келишга таклиф қилгани ҳамда Иордания делегациясига кўрсатилаётган илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.

Дипломатик муносабатлар тарихидаги илк олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бериши ва уни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги анъанавий дўстлик ва кўп қиррали амалий ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётгани, икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегиялари ўхшашлиги қайд этилди.

Етакчилар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик олиб борилаётганини мамнуният билан қайд этиб, ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлашни фаол давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги конструктив мулоқотни ва идоралар ўртасидаги яқин алоқаларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Икки томонлама савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишга тайёрлик тасдиқланди.

Кимё ва тўқимачилик саноати, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, геология, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, туризм ва бошқа тармоқларда кооперацияни кенгайтиришга келишиб олинди.

Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашини ишга тушириб, жорий йил якунигача уларнинг илк йиғилишларини ўтказиш таклифи билдирилди. Икки мамлакатнинг етакчи компания ва ишлаб чиқарувчилари иштирокида Ўзбекистон–Иордания бизнес форумининг ўтказилиши ишбилармон доиралар ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга хизмат қилади.

Маданий, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни, шу жумладан қўшма маданият ҳафталиклари, концертлар, экспозиция ва кўргазмалар ўтказиш орқали янада фаоллаштиришга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистон ва Иордания халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари узоқ тарихга эга бўлиб, бугунги кунда янги босқичга кўтарилмоқда. Шу нуқтаи назардан, умумий маънавий меросни биргаликда ўрганиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат исломшунослик марказлари ва институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар бағрикенг ва маърифатли ислом ғояларини биргаликда илгари суриш зарурлиги ҳақида якдил фикрга келдилар.

Давлатимиз раҳбари Подшоҳ Абдулла II томонидан бундан 10 йил олдин бошланган "Ақаба жараёни" ташаббусини юқори баҳолаб, ушбу муҳим ташаббуснинг навбатдаги йиғилишларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф этди.

Икки мамлакат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновларнинг йўлга қўйилиши ва визасиз режим жорий қилиниши ишбилармонлик алоқалари ва ўзаро сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилиши таъкидланди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Музокаралар якунида Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайн давлатимиз раҳбарини Иорданияга ташриф билан боришга таклиф этди.

Аввалроқ икки раҳбар Самарқанддаги обидаларни кўздан кечирганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid