Савдо соҳасида энг кўп солиқ тўлаган корхоналар маълум бўлди
Уларнинг ярим йилда тўлаган солиғи тахминан 29,5 млрд долларга тўғри келмоқда. Anglesey Food (Korzinka) томонидан бюджетга 180,8 млрд сўм туширилган.

2025 йилнинг январ-май ойларида савдо соҳасида фаолият юритаётган корхоналар томонидан амалга оширилган умумий товар айланмаси 370,3 трлн сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитасига асосланиб Pinkod хабар берди.
Марказий банкнинг амалдаги курси бўйича бу кўрсаткич тахминан 29,5 млрд АҚШ долларига тенг.
Давр давомида савдо соҳаси томонидан жами 16,9 трлн сўмлик солиқ тўланган бўлиб, уларга 2,4 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилган.
Энг кўп солиқ тўлаган 20 та корхона томонидан эса 25,85 трлн сўмлик товар айланмаси амалга оширилган ва улар жами 1,3 трлн сўмлик солиқ тўлаган. Ушбу ТОП-20 корхоналарга берилган солиқ имтиёзлари ҳажми эса 97,9 млрд сўмни ташкил қилган.
Бу ТОП-20 корхонанинг умумий савдо соҳасидаги улуши қуйидагича:
товар айланмасида – 7%,
тўланган солиқларда – 7,7%,
солиқ имтиёзларида – 4%.
Энг кўп солиқ тўлаган савдо корхоналари орасида биринчи ўринни 180,8 миллиард сўмлик солиқ билан Korzinka бренди остида фаолият юритувчи Anglesey Food эгаллади.
Ундан кейинги ўринларда мос равишда Total Oil Invest – 149,8 миллиард сўм ва Uzum Market – 120,5 миллиард сўм билан жойлашган.

Тўртинчи ўринни Ung Petro MCHJ (92,9 млрд сўм), бешинчини Namangan-Istiqlol bog‘i MCHJ (85,8 млрд сўм) эгаллади.
Шунингдек, еттинчи ўринни Alif Moliya 52,4 млрд сўмлик солиқ тўлови билан эгаллади. Рўйхатда Lukoil, Samsung Electronics Uzbekistan ва Nestle Food каби йирик компаниялар ҳам мавжуд.